Коррупцияга қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда

Ушбу иллатга қарши курашиш мақсадида бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссияси бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқда.

Хусусан, комиссия томонидан "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, мазкур қонунни аҳоли ўртасида тарғиб қилиш, унинг мазмун-моҳиятини етказиш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди. Шу мақсадда комиссия томонидан жорий йилда жойларда 600 дан зиёд тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Шунингдек, вилоят прокуратураси ташаббуси билан ҳудуддаги давлат органлари ходимлари ўртасида Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган "Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари" асосида ишлаб чиқилган одоб-ахлоқ қоидалари мазмун-моҳиятини тушунтириш юзасидан мунтазам равишда семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилмоқда.

Шунга қарамасдан коррупцион жиноятлар содир этилиши ҳолатлари ҳамон кузатилмоқда. Мисол учун, вилоят прокуратураси томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида 175 нафар мансабдор шахсга нисбатан жами 132 та жиноят ишлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, жиноят ишлари тегишли суд инс­танцияларига жўнатилган.

Судларга юборилган мазкур жиноят ишлари таҳлил қилинганда, жиноий жавобгарликка тортилган жами 132 нафар шахсдан 90 нафари ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш, 17 нафари фирибгарлик, 3 нафари солиқ ва бош­қа мажбурий тўловлардан бўйин товлаш, 25 нафари ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 7 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, 2 нафари мансабга совуққонлик билан қараш, 1 нафари мансаб сохтакорлиги, 4 нафари пора олишда, 2 нафари пора беришда айбланган.

Уларнинг 1 нафари туман ҳокими ўринбосари, 1 нафари прокуратура органи, 11 нафари мажбурий ижро бюроси инспекторлари, 1 нафари ҳакамлик суди судьяси, 22 нафари ички ишлар идоралари, 2 нафари давлат солиқ инспекцияси, 1 нафари адлия органи, 1 нафари нотариал идора, 1 нафари туман тиббиёт бирлашмаси, 7 нафари олий ва ўрта махсус таълим, 14 нафари халқ таълими, 8 нафари мактабгача таълим, 1 нафари ер-мулк кадастр давлат корхонаси, 9 нафари банк ходими ва 43 нафари бошқа соҳадаги мансабдор шахслардир.

Мисол учун, "Зарафшон" ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси таркибидаги "Мирза Пай" ирригация тизими бошқармаси бошлиғи Ф.Гадаев туман ва туманлараро сув тақсимоти масаласини ҳал этиш ваколатидан ғараз ва бошқа паст ниятларда фойдаланиб, Булунғур тумани Пахтабош қишлоғида жойлашган фермер хўжаликларига тегишли ер майдонларига қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун бир мавсум давомида "Бот-бот" каналидан сув очиб бериш эвазига тамагирлик йўли билан пора тариқасида 4 миллион 500 минг сўм пул талаб қилган.

2018 йил 19 июлда Ф.Гадаев Самарқанд шаҳрида ушбу маблағни пора тариқасида олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Мазкур жиноят иши юзасидан ўтказилган тергов ҳаракатлари якунига кўра, айбдор шахснинг жавобгарлиги таъминланган.

 

Зафар ҲАМДАМОВ,

вилоят прокуратураси катта терговчиси.