Кўзойнак тақувчи болалар сонининг ортаётгани сабаби нимада?

Эътибор берганмисиз, бугун мактабда ўқиётган болаларнинг аксарияти кўзойнак тақяпти. Бир пайтлар ёши улуғ зиёлилар рамзи саналган кўзойнак энди ўқувчиларнинг юзида ярашиқсиз ниқобдек турибди. Бу бугунги ҳаёт тарзимизнинг оғриқли оқибати. Чунки ҳозирги болалар ёстиққа ёнбошлаб китоб ўқийди, партада букчайиб ўтиради, дафтарини кўзига яқин қилиб дарс тайёрлайди. Ёруғлик масаласига ҳам кўп ҳолларда эътибор бермаймиз. Табиийки, бундай одатлар кўзни қийнайди, мушакларни зўриқтиради ва аста-секин кўзнинг табиий кучини сўндиради.

Иккинчидан, ёшларнинг кўпчилиги кунига беш-олти соат вақтини экран қаршисида ўтказяпти. Улар китоб ўқиш, спорт билан шуғулланиш, сайр  қилиш ўрнига кўз нурини олувчи телефон экранлари занжирига қул бўлмоқда. Ҳатто телефонга муккасидан кетган бола кўзи чарчаётганини ҳам билмаяпти.

Учинчидан, соғлом турмуш тарзидан узоқлашиб кетяпмиз. Ёшлар кўчада тўп тепишдан кўра, виртуал ўйинларда “югуриш”ни афзал биляпти. Китоб варақлашдан кўра, ижтимоий тармоқларда соатлаб “сайр қилиш”ни яхши кўряпти. Оқибатда нафақат кўз, балки бутун тананинг қуввати ўляпти.

Бу каби зарарли одатларга барҳам бериш учун аввало, болада дарс қилиш маданиятини шакллантириш зарур. Уларга албатта, китобни тўғри масофада ушлаш, партада тўғри ўтиришни ўргатиш керак. Ҳар бир дарсдан сўнг 5–10 дақиқалик кўз машқларини бажариш жуда фойдали. Телефон ва компьютерлардан фойдаланиш вақтини кескин камайтириш шарт. “20-20-20” қоидасини жорий қилиш мумкин. Яъни, ҳар 20 дақиқада 20 сония давомида 20 метр узоққа қараш. Бу оддий машқ кўз мушакларини дам олдиради.

Яна бир ечим, фаол ҳаёт тарзини қайта тиклаш лозим. Ёшлар камида бир соат вақтини очиқ ҳавода ўтказиши, спорт билан шуғулланиши керак. Сабзавот, кўкат, балиқ, ёнғоқ каби кўзга фойдали маҳсулотларни истеъмол қилишни одат қилиш зарур. Мактабларда кўз саломатлигини текширувчи тадбирлар ўтказиш, ота-оналар эса фарзандларининг дарс қилиш одатларини кузатиши мақсадга мувофиқ.

Хўш, ёшларни бу замонавий технологиялардан маҳрум қилмасдан туриб, уларнинг кўзини қандай асрай олишимиз мумкин? Жавоб оддий: технологиядан фойдалансак-да, унга қул бўлиб қолмасаккина фарзандларимизга ёруғ нигоҳ, тиниқ қараш ва соғлом ҳаёт туҳфа эта оламиз.

Нигора АЗЗАМОВА,

СамДЧТИ катта ўқитувчиси.