Куёвга тўшалган пойандоз талашиб-тортишадиган матоми?

“Зарафшон” газетасида “Тўйлар ҳар қандай амални тиқиштирадиган “қадрият”ми?” туркумидаги мақолаларни ўқиб, мен ҳам дилимдагиларни қоғозга туширдим.
Яқинда бир дугонамнинг тўйи бўлди. Ҳамма қизлар йиғилиб, уни қутлагани бордик. Бир маҳал куёв йигирма чоғли куёвнавкарлар билан келди. Қиз томон уларни кўнгилдагидек кутиб олди. Куёв уйга киришидан олдин оёқлари остига келиннинг янгаси бир энли мато-пояндоз ёзди. Куёвбола остона ҳатлаб, уйга кириши билан куёвжўралар пояндозни тортқилашга тушди. Келин томондан ҳам ўн нафар йигитлар куёвнавкарлардан қолишмасди. Пояндоз қурғур ҳам гиламга ўхшаш қаттиқ матодан қилинган шекилли, тортиб ҳам йиртиб бўлмайди. Ҳеч қайси томон ён бермайди. Ҳатто баъзилари ёқалашиб, урушиб ҳам кетди.
Момоларимиздан эшитганимиз, куёвнинг қадами қутлуғ бўлсин, деб пояндоз ёзишар, уларни куёвнавкарлар яхши ниятлар билан бўлиб олишган экан.
Яхшигина урф-одатимиз бузилиб кетяпти. Куёвнинг оёғи остига ташланган пояндозни талашиб-тортишиб олиш мумкиндир, лекин, бу катта жанжалга айланиши керак эмас-ку?
Маржона ҲОТАМОВА,
талаба.