Лойдан мўъжиза яратаётганлар қадр топади

Кулолчилик қадимдан ривожланиб келаётган миллий ҳунармандчилик тури саналади. Бундан уч минг йиллар аввал ҳам ота-боболаримиз сопол буюмлар ясаб, улардан кенг фойдаланган. Катта-катта хумдонлар маҳсулотни сифатли сақлашга хизмат қилган бўлса, сопол лаганга сузилган ош ўзининг мазаси билан ажралиб турган. Хўш, бугун-чи?
Тўғри, ҳозир замонавий рўзғор анжомларидан фойдаланамиз. Аммо юртимизга келаётган сайёҳларнинг асосий эътибори айнан кулолчилик буюмларида. Уларни янада ривожлантириш, миллий анъана ва қадриятларимизни дунёга танитиш эса олдимизда турган муҳим вазифалардан бири.
Президентимиз томонидан 2021 йил 23 мартда қабул қилинган “Кулолчиликни жадал ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа ривожи учун айни муддао бўлди. Қарорга кўра, кулолчилик анъаналарини янада ривожлантириш, “Уста-шогирд” анъаналарини сайқаллантириш, маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга чиқариш борасида жуда кенг имкониятлар эшиги очилди. Қарор кулолчилик маҳсулотларини яратувчи ҳунармандларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, “Уста-шогирд” анъаналарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Жумладан, кулолчилик йўналишида зарур хом ашё базасини яратиш, кулолларга ер майдонлари ва бинолар ажратиш, асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш, қулай шартларда кредитлар ажратиш, ҳудудларда кулолчилик анъаналарини тиклаш ва ривожлантириш мақсадида ихтисослашган марказлар ва галереялар ташкил этиш, кулолчилик фаолияти билан шуғулланаётган ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва шу асосда янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор берилган.
Қарорда 2021-2022 йилларда Самарқанд шаҳридаги Сиёб канали ўнг ёқасида, Оби Раҳмат маҳалласида кулолчилик марказлари ташкил этилиши белгиланган. Айтиш керакки, вилоятимизда фаолият юритаётган 59 нафар кулолнинг муаммоларидан бири ҳам айнан ўз ҳунарини ўргатиш учун махсус жойнинг йўқлигида эди. Чунки уларнинг аксарияти ўз хонадонида фаолият юритади. Бундай марказларнинг ташкил этилиши уста кулолларимизга ёшларга ўз ҳунарини ўргатиш, чет эллик ва маҳаллий сайёҳларга мастер-класслар ташкил этиш имконини беради. Ҳозирда 10 дан ортиқ кулол мазкур марказларни ташкил этиш учун таклифларини билдирди.
Қарорга кўра, янгидан ташкил этиладиган кулолчилик марказларидаги турар ва нотурар жойларга нисбатан кулолларга мулк ҳуқуқи берилган ойдан мол-мулк ва ер солиғи уч йил давомида 50 фоиз миқдорида тўланади. 2021 йил 1 апрелга қадар “Уста-шогирд” анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган кулолларга шогирдлар тайёрлаши, зарур хом ашё сотиб олиши ва шогирдларини иш ҳақи билан таъминлаши учун субсидиялар ажратилади.
Давлат корхоналари, ҳокимликлар, банклар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларда фаолият олиб борувчи ходимларга Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик байрами арафасида, тўй-маросим ва бошқа тадбирларда ташкилотнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан кулолчилик маҳсулотлари тўпламини совға қилиш анъанага айланади. Шунингдек, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларга совға қилинади.
Кулолларимиз учун энг асосий маҳсулот бу гил, яъни соз тупроқ. Қарорда кулолчиликда ишлатиладиган тупроқ турлари захиралари мавжуд ерларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиши ҳам айтилган. Вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида кулолчиликда фойдаланиладиган ерлар кўп. Ҳунармандлар уюшмаси томонидан “Самарқанд геология” акциядорлик жамиятига Самарқанд туманидаги Хожигайдиш конидан 2 гектар ҳамда Чўпон ота масканида жойлашган “Конигил” ҳудудидан 5 гектар ер фойдаланиш учун ажратилиши таклифини бердик. Ҳозирда кулолларимиз томонидан асосий тупроқ Конигил масканидан олинади.
Бугунги кунда вилоятимизда кулолчилик сир-асрорларини чуқур ўзлаштирган усталар талай. Уларнинг номи нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунё бадиий безак санъати шайдоларига маълум. Жумладан, Ўзбекистон халқ устаси Холмаҳмат Исматуллаев, академик кулоллар - Шариф Азимов, Худойберди Ҳақбердиев, Самарқанд кулолчилик санъатига катта ҳисса қўшиб келаётган Ҳайдар Ботиров, Нўъмон Облоқулов, Дилором Мухторова каби усталар ўзига хос кулолчилик мактаби яратишган, ўнлаб шогирдлар тайёрлаган. Уларнинг кулолчилик маҳсулотлари хорижнинг бир неча мамлакатларида ўтказилган ҳунармандчилик кўргазмаларида намойиш этилган.
Шу жиҳатдан ушбу қарор ижросига кўра, Самарқанд кулолчилигининг узоқ тарихи, ажойиб анъаналари, шакл ва мазмуни билан боғлиқ жараёнлар давом этади. Муҳими, Самарқанд кулолчилик мактабини янада ривожлантиришга, ёшларимизнинг бу ҳунарга қизиқишини орттиришга, кўплаб кулолчилик марказлари бунёд этилишига, миллий қадриятимиз бардавом бўлишига хизмат қилади.
Умид Ҳакимов,
“Ҳунарманд” уюшмаси вилоят бошқармаси бошлиғи.