Маърифий саёҳат ёшлар дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилди

Самарқанд тумани ёшлар етакчилари ҳамда маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар учун Тошкент шаҳрида жойлашган Ислом цивилизацияси марказига маънавий-маърифий саёҳат ташкил этилди.

Ёшларнинг тарихий меросимизга бўлган қизиқишини ошириш ва маънавий дунёқарашини бойитиш мақсадида уюштирилган саёҳат давомида иштирокчилар марказнинг замонавий архитектураси, юқори технологиялар билан жиҳозланган кўргазма заллари ва мультимедиа имкониятлари билан яқиндан танишдилар. Хусусан, интерактив экранлар, 3D форматда тақдим этилган экспозициялар ҳамда рақамли архивлар орқали улар буюк аждодларимизнинг илмий мероси ҳақида кенг маълумотларга эга бўлдилар.

Марказда намойиш этилаётган экспонатлар орасида Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний ва Мирзо Улуғбек каби алломаларнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига оид маълумотлар алоҳида ўрин эгаллайди. Бу эса иштирокчиларда миллий ифтихор туйғусини янада кучайтирди.

Саёҳат иштирокчилари учун экскурсоводлар томонидан марказ тарихи, унинг ташкил этилиши ва бугунги кундаги аҳамияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, ёшлар замонавий таълим ва илмий изланишлар учун яратилган имкониятлар билан ҳам танишдилар.

- Ислом цивилизацияси маркази нафақат музей, балки ҳақиқий илм ва маънавият ўчоғидир, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Ғайрат Бобохолов. - Бу ерда ёшларимиз ўз тарихини чуқур англайди, аждодларимизнинг дунё илм-фанига қўшган беқиёс ҳиссасини ҳис этади. Энг муҳими, уларда “Мен кимман?”, “Қайси буюк мерос ворисиман?” деган саволларга жавоб топишга интилиш пайдо бўлади. Бундай саёҳатлар ёшларни фақат билимли эмас, балки юксак маънавиятли инсонлар қилиб тарбиялашда муҳим ўрин тутади.

Тадбир иштирокчилари ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашиб, марказда кўрганлари уларда катта илҳом уйғотганини таъкидладилар. Улар келгусида бу ерга яна қайтиб, янада чуқурроқ ўрганиш истагида эканликларини билдирдилар.

Шу тариқа, мазкур саёҳат ёшлар учун нафақат мазмунли дам олиш, балки уларнинг интеллектуал ва маънавий ривожи учун муҳим қадам бўлди. Бундай ташаббуслар келгусида ҳам изчил давом эттирилиши режалаштирилди.