Маҳалла раиси уч йилга сайланади
Бироқ изчил ислоҳотларнинг ҳозирги шиддатли босқичи маҳаллаларни янада қўллаб-қувватлаш ва ҳар томонлама ривожлантириш, шу билан бирга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Жорий йил 15 октябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги ҳамда "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари бевосита маҳалла ҳаётига дахлдор бўлиб, келгуси фаолият мезонларини белгилаб берди.
Мазкур қонунлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари сайлови тизимини маҳалла оқсоқолларига қўйилаётган янгича талаблар асосида амалга оширишга қулай шароит яратиш, сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Бугунгача фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати 2,5 йил қилиб белгиланганди. Тўғриси, ваколат муддати масаласида яхлит рақамнинг йўқлиги халқаро тажрибага мос келмас ва бу муддат сайловларни ҳар доим аниқ бир вақтда ўтказиш имконини бермасди. Қолаверса, ушбу муддат раисларнинг ўз билим ва бошқарув қобилиятларини тўлиқ намоён этиши учун ҳам етарли эмас эди. Эндиликда янги қонун билан фуқаролар йиғини раисининг ваколат муддати уч йилга узайтирилгани уларга ўз маҳоратини тўлиқ намоён этиши учун кўпроқ имконият яратади.
Қонунда навбатдаги фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) сайловини 2019 йил май ойида ўтказиш белгиланди. Ўз навбатида, ҳозирда фаолият юритаётган фуқаролар йиғини раисларининг ваколат муддати ҳам шу вақтгача узайтирилди. Эндиликда уч йилга сайланадиган маҳалла раислари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бирга, маҳалладаги ҳар бир оила, ҳар бир инсон тақдири учун масъулиятни зиммасига олишга қодир фидойилар бўлиши, маҳалла аҳлининг фикр-ўйлари, мақсад-муддаоларини иш фаолияти орқали ифода этиши талаб қилинади.
Фуқаролар йиғини сайловларини ташкил этиш ва ўтказиш билан республика даражасида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг комиссияси эмас, балки алоҳида тузиладиган фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси шуғулланади. 2013 йилда қабул қилинган "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида"ги қонунда фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш Олий Мажлис Сенати Кенгашининг кўмаклашувчи комиссиясига юклатилган эди. Мазкур комиссия фақат сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш даврига (2-3 ойга) тузилиб, амалиётда бўшаб қоладиган ўринларга ўтказиладиган сайловлар ягона мувофиқлаштирувчи органсиз қолар, бу эса фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқининг тўла рўёбга чиқишини таъминлашга салбий таъсир қиларди.
Эндиликда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси таркибига парламент қуйи палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, тегишли давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотлар вакиллари киритилади.
Шунингдек, бундан кейин сайловларда бевосита фуқароларнинг ўзлари кўпроқ иштирок этишини таъминлаш мақсадида сайлов ўтказилаётган ҳудуд – ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакиллигининг минимал нормаси белгилаб берилди. Олдинги амалиётда маҳалла раиси фуқаролар йиғини томонидан эмас, балки фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан сайланарди. Бунда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича туман (шаҳар) кўмаклашувчи комиссияси томонидан вакиллар миқдори белгилаб берилар ва улар овоз берарди, холос.
Янги тартибга кўра, фуқаролар вакиллигининг минимал нормасини белгилашда ҳар бир ҳудуд аҳолисининг сони инобатга олинади. Жумладан, ушбу норма сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 12 фоизидан кам бўлмаслиги лозим. Бундай ҳолатда фуқаролар йиғинида яшовчи ўртача 2 минг нафар сайловчи номидан 240 нафар вакилнинг сайловда иштирок этиши таъминланади.
Кейинги ўзгаришлардан яна бири сайловда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайланади, холос. Олдинги амалиётда фуқаролар йиғини раиси ва маслаҳатчиси бир вақтда сайланарди.
Бу жараён сайлов ўтказишда кўплаб қийинчиликларни юзага келтиради. Хусусан, ҳар бир фуқаролар йиғинида 8 та маслаҳатчи сайланиши керак. Муқобиллик принципига кўра, ҳар бир ўринга 2 тадан номзод кўрсатилиши лозим. Бу раис ва унинг маслаҳатчилигига камида 18 та номзод ўрганиб чиқилишини тақозо этади. Битта туманда ўртача 55 та фуқаролар йиғини борлигини ҳисобга олсак, ҳар бир туман сайлов комиссияси 1000 га яқин номзодни кўриб чиқиши керак эди.
Шулардан келиб чиқиб, янги қонунга, аввало, фуқаролар йиғини раиси сайловини, сайловдан кейин бир ой ичида маслаҳатчиларни сайлаш ҳамда комиссияларни шакллантириш нормаси киритилди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 105-моддасининг биринчи қисмидаги "икки ярим йил муддатга раисни (оқсоқолни) ва унинг маслаҳатчиларини" деган сўзлар "раисни (оқсоқолни)" деган сўзлар билан алмаштирилиб, "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 21-моддаси бешинчи қисмидаги "ва уларнинг маслаҳатчилари" деган сўзлар чиқариб ташланди.
Олдинги амалиётда маҳалла раиси сайлови тизимида бир қанча камчиликлар кўзга ташланарди. Биринчи навбатда, бу жиҳатни сайловнинг очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилишида кўриш мумкин эди. Бу одамларнинг ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдиришларига салбий таъсир кўрсатарди.
Эндиликда фуқароларнинг таклиф ва истаклари инобатга олиниб, маҳалла раиси сайловларида яширин овоз бериш тизими ўрнатилгани айни муддао бўлди. Қонунга ушбу қоиданинг киритилиши юртдошларимиз характерида шаклланган андиша, бир-бировга ҳурмат каби фазилатларнинг жараёнга салбий таъсир қилишининг олдини олиб, йиғин раислигига ҳар томонлама муносиб номзоднинг сайланишини кафолатлайди.
Бадриддин НАСРИЕВ,
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини
мувофиқлаштириш бўйича вилоят
кенгаши раисининг биринчи ўринбосари.