Маҳаллий ва хорижий сармоядорлар Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосарига 6 та йирик инвестиция лойиҳасини тақдим этди
Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида вилоят ҳокими ўринбосари О.Ходжаев тадбиркорларнинг инвестиция лойиҳалари билан танишди.
Бу галги учрашувда маҳаллий ва хорижий сармоядорлар 6 та йирик инвестиция лойиҳасини тақдим этди.
Жумладан, Пайариқ тумани Мустақиллик маҳалласида яшовчи тадбиркор Шароф Ялғашов Хитойдан 3 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция киритиш эвазига Самарқанд туманида бўш турган бино ажратиш ва пластмасса қувурлар ишлаб чиқариш лойиҳасини тақдим қилди. Самарқанд шаҳри Сафидий маҳалласида яшовчи Савритдин Зайнитдинов заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш ва пропан газ қуйиш шохобчаси ташкил этиш учун Россиядан 1 миллион доллар инвестиция киритишини билдириб, Самарқанд туманидан ер ажратишни сўраб мурожаат қилди. Самарқанд шаҳридаги “ПРЕСТИЖ ЛАЙТ ХАУС” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Олимжон Назаров 8 миллиард сўм ўз маблағи ҳисобидан Самарқанд шаҳри Гагарин кўчасида 0,06 гектар майдонда замонавий архитектура талаблари асосида кўп қаватли тураржой қуришни таклиф этди. Самарқанд шаҳридаги “Бунёд нур” масъулияти чекланган жамияти аъзолари Хуршид Минглиқулов ва Ўктам Усмоновлар Хитой давлатидан тўғридан-тўғри инвестиция киритиш эвазига замонавий меҳмонхона ва йўл қурилиши лойиҳаларини амалга оширишни билдирди.
Вилоят ҳокими ўринбосари ҳар бир таклифни эшитиб, лойиҳаларнинг аниқ тузилганлиги билан қизиқди. Савол туғдирган лойиҳалар бўйича режаларни янада аниқлаштириш бўйича тавсиялар берди.
Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.