Маҳаллий ва хорижий сармоядорлар Самарқанд вилояти ҳокимига 4 та йирик инвестиция лойиҳаларини тақдим этди

Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида навбатдаги инвестиция куни тадбири ўтказилди. Бу галги учрашувда маҳаллий ва хорижий сармоядорлар вилоят ҳокимига тўртта йирик инвестиция лойиҳасини тақдим этди.

Жумладан, Самарқанд туманидаги “Менинг боғим” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Жасур Ҳайитов Самарқанд тумани ҳокимининг 2019 йил 24 апрелдаги қарорига асосан жамиятга ажратилган 2 гектар ер майдонида иссиқхона қуриш учун рухсат берилиши, Булунғур туманидаги “Пюри Диомон Силк” қўшма корхонаси раҳбари Жаҳонгир Қодиров Жомбой тумани хокимининг 2018 йил 14 февралдаги қарорига асосан ажратилган 12,7 гектар ер майдони туман ҳокимининг 2018 йил 8 августдаги қарорига асосан бекор қилинганлигидан норозилигини билдирди.

Самарқанд туманидаги “Мултфрут-Кория” хорижий корхонаси раҳбари Шуҳрат Аҳроров 35 миллион доллар инвестиция жалб этиб, Самарқанд шаҳрида 4 юлдузли меҳмонхона ва дори-дармонларни қадоқлаш корхонасини ташкил этиш учун 1 гектар ер майдони ажратиш, гилос етиштириш учун Самарқанд тумани лалми майдонларидан 200 гектар ер бериш ва 8 гектар майдонда логистика маркази ташкил қилиш лойиҳаларини тақдим этди.

Самарқанд шаҳридаги “Самарқанд-Универсал-Билдинг” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шуҳрат Жумаев Самарқанд шаҳридаги 4 та мактабгача таълим муассасасида таъмирлаш, қайта қуриш ва қўшимча бино қуриш эвазига муассасаларга қарашли ерлардан 20 сотихдан ер майдони ажратиш ва бу ерларда замонавий меҳмонхона ва аҳоли учун турар жойлар қуришни режалаштирган. Бунинг учун тадбиркор Бирлашган Араб амирликларидаги ҳамкорлари томонидан 1 миллион 250 минг доллар сармоя киритилишини маълум қилди.

Вилоят ҳокими ҳар бир лойиҳа бўйича таклифларни эшитиб, сармоядорларнинг аниқ режалари билан қизиқди. Амалга ошириш имконияти кам бўлган лойиҳаларни истиқболлиларига алмаштиришни билдирди.

Ўз мухбиримиз.