Маҳкума қамоқдан озод қилинди

Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани судининг 2020 йил 6 январь кунги ажримига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми “б” банди билан судланган маҳкум Ҳакимова Насиба Насимовнага нисбатан тайинланган озодликни чеклаш жазосини бошқа турдаги оғирроқ жазоси билан алмаштириш ҳақидаги Самарқанд тумани ИИБ бошлиғининг тақдимномасини кўриб чиқилди.
Н.Ҳакимованинг жазони ўташ тартиби ва шартларини бузганлиги ҳолатлари жазони ижро этувчи орган томонидан етарли далиллар билан асослантирилмаганлиги, маҳкума жазони ўташ тартиби ва шартларини бузган, деб барвақт хулосага келинганлиги сабабли, унинг аёллиги, оиласида ягона боқувчилиги, қарамоғида ёши кекса онаси ва 2 нафар вояга етмаган фарзандлари борлиги алоҳида эътиборга олинди. Яъни, Самарқанд тумани ИИБ бошлиғининг тақдимномаси рад қилиниб, маҳкума Н.Ҳакимовага нисбатан озодликни чеклаш жазосини амалда ўташни давом эттириш белгиланди. Қамоқ эҳтиёт чораси бекор қилиниб, дарҳол суд мажлиси залидан озод қилинди.
Шунингдек, Самарқанд тумани ИИБ пробация ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг 2017 йил 27 июлдаги 157-сон буйруғи билан тасдиқланган “Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш тариқасидаги жазоларнинг ижросини ташкил этиш ҳамда шартли ҳукм қилинган шахслар устидан назоратни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома талабларига риоя қилмай, хато ва камчиликларга йўл қўйганлиги юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ пробация бўлимига хусусий ажрим чиқарилди.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг Фейсбукдаги саҳифасидан олинди.