Маккада биринчи ўзбек миллий таомлари ресторани очилади

Ўзбекистоннинг Жиддадаги Бош консуллигида Саудия Арабистонида тадбиркорлик билан шуғулланаётган Хайрулло Икромов билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижда яшаётган ватандошлар билан муносабатларни мустаҳкамлаш, инвестициявий ва сайёҳлик муҳитининг жозибадорлигини ошириш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўз навбатида, Хайрулло Икромов Ўзбекистонда кечаётган янгиликларни доим кузатиб боришини, жумладан, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларида эришилган юксак натижалар билан фахрланишини таъкидлади.

Шунингдек, хорижда узоқ йиллардан бери ресторан бизнеси билан шуғулланиб келиши ва Маккада ўзбек миллий таомларига бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, ушбу шаҳарнинг марказий қисмида янги тамаддихона очаётганини маълум қилди.

Янги ташкил этилаётган "Ўзбекистон" ресторанига бош ошпаз, нонвой ва бошқа ходимларни Ўзбекистондан жалб этишга келишиб олинди.

Макка шаҳридаги "Ўзбекистон" биринчи миллий таомлар ресторанининг расмий очилиш маросими 28 ноябрь куни бўлиб ўтади.