Мактабгача таълим бошқармаси: боғчаларда кўмир ва озиқ-овқат захираси бор, аммо ишлатишда муаммо чиқмайди деёлмаймиз

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Зайниддин Жўраевга кўра, МТМларда ҳозирги вақтда кукун тарқатилмайди, ҳатто брикетдан ҳам воз кечилган.
Сифатли кўмир етказишдаги муаммолар барҳам топган. Озиқ-овқат маҳсулотлари захираси билан ҳам таъминланяпти. Аммо уларни ишлатишда муаммо чиқмайди деб бўлмайди. Шунинг учун бошқа соҳада бўлгани каби бу тизимда ҳам жамоатчилик назорати керак.

Бу ҳақда Зайниддин Жўраев журналистлар билан ўтказилган мулоқотда сўзлаб берди.
Таъкидланишича, бугунги кунда давлат мактабгача таълим ташкилотларининг 299 таси табиий газ, 396 таси кўмир ёқилғиси ва 3 таси электр энергияси билан иситилади. Кўмирдан фойдаланиладиган боғчаларга жами 5 минг 249 тонна ёқилғи етказиб берилган.

Бугунги кунда вилоятдаги 52 та давлат мактабгача таълим ташкилотининг 2 130 кв.м том қисми, 538 кв.м ойналари, 1 408 кв.м эшик ва дераза ромлари тўлиқ янгисига алмаштирилиб, иситиш тармоқларининг 394,12 километр қисми босим остида ювилган.