Мамлакатимизда Ҳалқасимон Қуёш тутилиши жараёни қандай кечди?

Республикамизнинг барча ҳудудларида қисман Қуёш тутилиши кузатилди. Бу ҳодиса Тошкент вақти билан соат 10:01 бошланиб, соат 11:24 да максимум даражага етди (бунда Қуёшнинг 51 фоизи (0,61) Ой томонидан тўсилди) ва соат 12:51гача давом этди.

Ўзбекистон фанлар академияси маълумотига кўра, қуёш тутилиши энг катта қийматига эришган вақтида Республикамизнинг шимоли-ғарбий ҳудудларида яъни, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида Қуёш юзасининг 39 фоизидан 50 фоизигача бўлган қисми, Бухоро, Навоий, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида эса Қуёш юзасининг 58 фоизигача бўлган қисми Ой томонидан тўсилди. Юртимизнинг энг жанубий ҳудуди – Термиз шаҳрида эса бу қиймат 63 фоизгача етган.

Айтиш жоизки, 21 июнь куни дунё аҳолиси Ҳалқасимон Қуёш тутилишининг ноёб астрономик ҳодисасига гувоҳ бўлишди. Ушбу тутилиш тўлиқ шаклдаги Ҳалқасимон тутилиш ҳисобланиб, тутилишнинг тўлиқ фазасида Қуёш юзасининг 99,4 фоизини ташкил қилади. Қуёш тутилиши тўлиқ фазасининг давомийлиги 38 секундга тенг бўлади. Ушбу астрономик ҳодиса Африка, Арабистон ярим ороли, Евроосиё, Япон ва Малай архипелаги ҳамда Австралия ҳудудларида жойлашган 111 та давлатда кузатилди. Бу давлатлар ичида (Конго Республикаси, Конго Демократик Республикаси, Марказий Африка Республикаси, Судан, Жанубий Судан, Эфиопия, Саудия Арабистони, Эритрия, Яман, Уммон, Покистон, Ҳиндистон, Хитой ва Тайван) 14 та давлат аҳолиси тўлиқ шаклдаги Ҳалқасимон Қуёш тутилишига гувоҳ бўлдилар.