Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маънавий жасорат жамият эврилишининг биринчи шарти

Жасорат – ҳамма қила олмайдиган ишни мардлик, довюраклик ва шиддат билан ижро этиш. Бир пайтлар Оноре де Бальзак “Фуқаролик жасоратининг ҳам, ҳарбий жасоратнинг ҳам келиб чиқиш манбаи бир” деганда минг карра ҳақ эди. Негаки, жасоратнинг манбаи – аниқ мақсад ва фидойилик. Кези келганда сабр ҳам жасоратдир.

Келинг, гапни оммавий жасоратдан бошлайлик. Кўпчилик жасорат деганда урушда душманга қарши дадил боришни, жамиятда эса ҳаётдаги иллатни баралла айтишни тушунади. Бу ҳолат истаймизми-йўқми, турмушда ноҳақ зарбага дуч келган, ҳимоя тополмаган кишиларда рўй беради. Бу жамиятнинг барча босқичларида, ҳамма давлатлар учун ҳам табиий ҳол.

Аммо халқ жасорати ҳамма вақт ҳам инқилоб, намойиш билан белгиланмайди. Бундай жасорат миллат бирлигида, ибратли анъана, урф-одатнинг давомийлигида кўзга ташланади. Мисол учун, Хитойда ишламаган одам шуҳратга ҳам, даромадга ҳам домонгир бўлмайди. Ҳиндистонда менга уй-жой, имтиёзли уй беринг, деган даъвогар йўқ. Японияда ҳеч ким бир-бирига баланд овозда гапирмайди. Немислар вақтни беҳудага сарфламайди. Буни чинакам халқ жасорати дейиш мумкин. Бу – маънавий жасорат!

Маънавий жасоратнинг машаққати шундаки, атрофдагилар нуқтаи назарини ўзгартириш лозим. Минбарларда чиройли гапириш, одамларга яхши кўриниш учун камчиликларни пеш қилиш жасорат эмас. Маънавий жасоратнинг ҳазм бўлиши оғир кечади. Маънавий жасоратда тушунтириш эмас, ишонтириш муҳим.

Энди келинг, ҳеч бўлмаганда ҳаётимизнинг кейинги 4-5 йилини бир таҳлил қилиб кўрайлик.

Майли, ҳамма эмас, ҳеч бўлмаганда шу масалада йиллаб изтироб чекканлар айтсин. Сал олдинроқ улар гарчи 10-15 йилдан бери Ўзбекистонда яшаса-да, шу давлат фуқаролигини олишга ишонишармиди? Йўқ, албатта. Ўз Ватанида мусофир эди улар. Энди-чи? Ўзбекистон фуқаролигини олган 100 минг нафарга яқин инсон, ҳужжати қисқа муддатда тайёрланиб, паспорт олиш арафасида турганлар айтсин...

Хўш, Тошкент шаҳрига “прописка”нинг очилиши жасорат эмасми? Энди республиканинг исталган жойидан уй-жой олиш, мулк қилиш ҳуқуқига эга бўлдик. Бу масалада нуқтаи назаримиз ўзгаргани ростми?

Пахта, ғалла монополияси даврида орому соғлиғидан, бор-у йўғидан жудо бўлганлар, уларнинг фарзандлари айтсин. Муаллимлар, шифокорлар, болакайлар айтсин, давлат раҳбари бу борадаги нуқтаи назаримизни ўзгартира олдими?

Биз даромад берадиган, ўзимизга фойдаси тегадиган экин экиш ҳуқуқига эга бўлдик. Ҳар йили Самарқанд вилояти бир неча юз минг тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотини экспорт қилмоқда. 4-5 йил аввал бу нарса орзу эди, холос.

Тадбиркорни текширишга мораторий эълон қилиниши осон деб ўйлайсизми? Йиллар давомида кўплаб корчалон ва назоратчилар улар ҳисобидан яшаб келганлар. Табиийки, улар бу сиёсатга жон-жаҳди билан қарши турди, турли баҳоналар топди. Аммо мана, шу ҳолатга эришдик-ку! Бу маънавий жасорат эмасми?

Анжуманда, матбуот тизимини такомиллаштириш юзасидан фикр айтиб, қувғин-у тазйиққа учраганлар айтсин, яратилган турли минбарлардан халқ ўз сўзини айта олиши ҳаёлимизга келганмиди? Бугун ижтимоий тармоқларда “Ўзбекистонда демократия йўқ” деб уввос солаётганлар, айнан демократия, сўз эркинлиги, ошкоралик туфайли “уввос” солишмаяптими? Халқимиз доно – бу гапларнинг сарасини саракка, пучагини пучакка ажратиб олади.

Таълимдаги қонунбузилишлар, порахўрлик, адолатсизлик эсимиздан чиқяпти шекилли. Қанчалаб илмга ташна, заковатли ўғил-қизларимиз азият чекди. Ота-онанинг тизимга ишончи йўқолганди. Шундай пайтда давлат раҳбари аввало академиклар дуосини олди. Болалар боғчалари, мактаблар, ҳунар мактаблари, олий ўқув юртларига қўл урди. Эҳ-ҳе, бу ҳаракатга қарши бўлганлар, тўсқинлик қилмоқчи бўлган, ишонмаганлар қанча эди. Бундайлар ҳозир ҳам топилади.

Яқиндагина пенсия пулини ололмай сарсон қариялар бугун пенсиясини уйида ўтириб нақд пулда олаётганидан кўз юмиб бўладими? Нақд пул олишда, валюта алмаштиришда бирорта ҳам ариза тушмаганига нима дейсиз? Биз оғир кунларни унутадиган халқ эмасмиз, шукронаси бор халқмиз. Ахир бу катта жасорат, машаққатли меҳнат, ташвишли онлар самараси эмасми?

Йиллар давомида шаклланган тўрачилик, коррупцион ҳолатларга барҳам бериш осон кечмаяпти. Аммо очиқлик сиёсати қамрови кенгайиб бормоқда. Осон эмас, деганимнинг сабаби шуки, эски кўникмадан воз кечиш, бировнинг ҳисобидан кун кўришдан мосуво бўлиш жуда қаттиқ ботади. Шу сабабли ҳар бир тизимда муаммолар пайдар-пай, босқичма-босқич ҳал қилиб борилмоқда. Мана-ман деган давлатлар ҳам бу босқични ўз бошидан ўтказган.

Минг афсуски, бу жараёнлар бизда дунё миқёсида мураккаб вазият давом этаётган пайтга тўғри келди. Айниқса, пандемия кучли, ривожланган давлатларни ҳам катта синовдан ўтказмоқда. Минг шукрки, Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқ эътиборига ҳавола этилган ва маъқулланган Ҳаракатлар стратегияси бугун чинакам ҳаётий режа эканини исботлади. Оқил, ўз турмушига теран назар сола оладиган киши ҳаётимиз кундан кунга яхшиланиб бораётганини сезади, англайди.

Маънавий жасоратнинг томири маънавий комилликда. Маънавий комилликнинг ифодаси эса ўз халқи, Ватанини севиш, ҳурмат қилиш, қадрлаш, эл ғами йўлида фидойи бўлишда. Жасоратнинг қадри одамларнинг бугунги сиёсатга ишончидир. Бу ишонч бизда шаклланган. Демак, оқил сарбон бошқарган карвон собитқадамлик билан илгари бораверади.

Фармон Тошев.