Мақола қор ёғса чиқади...

Таниқли журналист, қалами ўткир ижодкор, ёшларнинг севимли устози Адҳам Ҳайитов ҳаёт бўлганида бугун 74 ёшга тўларди.

Адҳам Ҳайитов номини сайтимиз ва “Зарафшон” газетаси муштарийлари яхши танийди. У қарийб 50 йил шу таҳририятда меҳнат қилди, ҳаётини шу "Зарафшон" билан боғлади. Оддий мусаҳҳиҳликдан муҳаррир ўринбосарлигигача бўлган йўлни босиб ўтди. Бўлим бошлиғи сифатида савдо ва саноат соҳалари ҳақида долзарб мақолалар, жонли репортажлар тайёрлаган бўлса, муҳаррир ўринбосари бўлганида газета мазмун-мундарижасини бойитди, масъул котиб сифатида газетани янада кўримли чиқаришга интилди. Бу орада ўнлаб ёшларга устозлик қилди, ёш мухбирларга соҳанинг нозик жиҳатларини ўргатди.

Масъул котиблиги чоғида Адҳам Ҳайитов Булунғур туман электрчилари фаолияти ҳақида мақола тайёрлаб беришимни сўради. Қаҳратон қиш, ҳаво жуда совуқ эди. Туман электр тармоқлари корхонасига бир неча бор бориб, бошлиқни тополмай юрган пайтимда раҳбар – Хўроз ака Хўжамуродов (охиратлари обод бўлсин)ни туман ҳокимлиги биноси олдида учратиб қолдим. Салом-аликдан сўнг муддаомни айтдим.

- Э, ука, бизнинг нимамизни газетага ёзасиз, мана, қаранг, – деди қоп-қора қўлларини кўрсатиб. – Шу изғирин совуқда кечаси билан тизза бўйи қор кечиб, Ғўбдин тоғи этагидаги комплекс ферманинг “свети”ни ёқиб келяпмиз...

Шу суҳбат асосида кичик бир мақола тайёрладим. Лекин бир ҳафта, ўн кун ўтса ҳам мақола газетада чиқмади. Бу орада кунлар исиб, қорлар эриб кетди. Хўроз ака билан кўришиб қолсак, мақола чиқдими, деб сўрайди. Мен эса Адҳам акага қўнғироқ қилиб сўрайман. Бир куни Адҳам акага яна шу масалада чиққандим, “Мақола қор ёғса чиқади” деб телефонни ўчирди.

Ҳайрон бўлдим – ростдан қор ёғса чиқадими ёки жаҳл билан айтдими?

Бир неча кундан сўнг эрталаб туриб, ташқарига қарасам элакдан тушаётган ундай қор ёғяпти. Адҳам аканинг гапи эсимга тушиб, яна қўнғироқ қилдим. “Мақола чиқди” деган хабарни эшитдим...

Газетани қўлга олган Хўроз ака хурсанд бўлиб, “Барака топинг, ука, биз ҳақимиздаги мақола зўр чиқибди”, деб миннатдорлик билдирганди.

Кейинчалик таҳририятда учрашганимизда Адҳам ака “мақолада электрчиларнинг қор кечиб, оғир шароитда ҳам бурчини бажариб, ишлаётгани ҳақида ёзгансиз, уни қандай қилиб қуёшли кунларда газетага бериш мумкин? Шунинг учун яна қор ёғишини кутдик”, деганди.

Адҳам Ҳайитов ана шундай, ўз ишининг устаси, журналистикада ҳар бир нозик жиҳатни ҳисобга оларди.

Раббим Ҳотамов,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.