Мардикор ишлаган хонадонидан машина ўғирлади

Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшовчи Р.М. 8 май куни Балиқчи маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи таниши А.У.нинг уйига ҳашарга боради. Бошқарувидаги “Спарк” автомашинасини эса А.У.нинг уйи олдидаги қурилиши тугалланмаган уйда қолдиради. 9 май соат 06:30 ларда келиб қараса, автомашинаси жойида йўқ.

Шу боис ички ишлар ходимларидан машинасини топиб беришларини сўраб, ариза билан мурожаат қилган.

Кўрилган тезкор чоралар натижасида ушбу жиноятни А.У.нинг уйида ёлланиб ишлаётган, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманилик Б.Р. содир этганлиги аниқланиб, автомашинани Назарбек қўрғони ҳудудида ҳайдаб кетаётган вақтида ички ишлар ходимлари томонидан ушланган.

ИИВ ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Терговни ИИБ олиб бормоқда.