Масжиддаги эҳсон қутисидан пул ўғирлаган йигитлар қўлга олинди

Ижтимоий тармоқларда икки йигит масжиддаги эҳсон қутисидан пул ўғирлаганлиги видеоси тарқалди. Ушбу воқеа Учтепа туманидаги «Абу Ҳурайра» масжидида содир бўлган. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Масжид имом-хатиби ва қоровулининг сўзларига кўра, қутида тахминан 300 минг сўм атрофида маблағ бўлган.

Ўғриликни 22 ёшли Суҳробжон У. ва 27 яшар Мирзоҳид Д. амалга оширганлиги аниқланган. Улар кейинчалик ўғирланган пулларни ўзаро бўлишиб олган.

Ушбу ҳодиса юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 61-моддаси (майда ўғрилик) бўйича иш очилган ҳамда материаллар Учтепа туман маъмурий судига юборилган.