Масъуллар бефарқ бўлмаса, ёшларнинг вақти самарали ўтади
Ургут туманида ишга тушиши лозим бўлган 50 та объектнинг 11 таси ҳали қурилмаган.
Бундан тўрт йил аввал Ургут тумани Ўрамас маҳалласида тадбиркор Исмоилхон Раҳматов томонидан “Ёшлар меҳнат гузари” ташкил этилган эди. Бугунги кунда 10 сотих майдонда бунёд этилган икки қаватли ушбу бинода савдо дўконлари, қандолатчилик ва тикувчилик цехлари ҳамда ўқув маркази фаолият юритиб келмоқда.
Бу ерда 50 нафардан зиёд ёшлар доимий ва мавсумий ишларга жалб қилинган.
Давлат раҳбари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармон ва қарорларига асосан 2018 йилдан бери туманда 50 та ана шундай “Ёшлар меҳнат гузари”, “Ёш тадбиркорлар” коворкинг маркази ва бошқа шу каби объектлар қурилиб, фойдаланишга топширилиши керак эди. Аммо...
- Ушбу объектларни қуриш мақсадида туман ҳокимининг ер ажратиш бўйича 50 та қарори қабул қилинган, - дейди туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғи Фарруҳ Жамолов. – Яқинда махсус тузилган ишчи гуруҳ томонидан ҳолат ўрганилганда 24 та иншоот лойиҳа асосида бунёд этилиб, фаолият бошлагани аниқланди. 12 та бинонинг қурилиш ишлари ҳали якунига етмаган.
Туманнинг Мингтепа маҳалласида тадбиркор Отабек Холиқовга ажратилган 0,5 гектар ер майдонининг бир қисмида “Ёшлар меҳнат гузари” мажмуаси бунёд этилган, бироқ бу ердаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш нуқталарининг аксарияти ишга тушмаган. Фаолият бошлаганларининг ҳам самараси кўзга ташланмайди.
- Бу мажмуа қурилиб фойдаланишга топширилганда ўзим ҳам ёшлар қаторида, яъни 29 ёшда эдим, - дейди тадбиркор О.Холиқов. – Қишлоқ ёшларини иш билан таъминлаш мақсадида 7 хонадан иборат бино бунёд этилди, аммо бу ерда ёшлар ишлашни истамаяпти. Сабаби, мажмуа маҳалла марказидан четроқда, аҳоли гавжум бўлмаган ҳудудда жойлашган. Агар ишлашни хоҳласа, марҳамат келсин, барча шароитларни яратиб бераман. Ижара ҳақи тўламайди, ҳатто коммунал тўловларини ҳам ўзим тўлаб бераман.
Шунингдек, тадбиркор бу ерда икки нафар йигитнинг қоровул вазифасида ишлаётганини айтди. Уларга мажмуа томорқасида деҳқончилик қилиб, фойдаланишни таклиф қилганини, аммо бу ёшлар ҳам ишламаётганини таъкидлади.
Бу мажмуа самарасиз фаолият юритаётгани учун ажратилган ернинг бир қисмига қуруқ меваларни қадоқлаш цехини ишга туширишни режалаштирдим, - дейди тадбиркор. - Бунинг учун бино қурилиб, зарур ускуналар келтирилди. Аммо ҳали иш бошлаганимиз йўқ. Агар цех фаолияти йўлга қўйилса, 30 нафар ёшнинг бандлиги таъминланади. Бугунги кунда қуруқ мевани экспорт қилиш бўйича хитойлик тадбиркорлар билан 1 миллион долларлик шартномалар имзоланди.
Шу пайтгача туманда ишга тушиши лозим бўлган 50 та объектнинг 11 таси ҳали қурилмаган.
Аслида ер ажратилгандан кейин тадбиркорлар томонидан икки йил муддат ичида бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилиши керак эди, - дейди Фаррух Жамолов. - Аммо масъул ходимларнинг ишдан кетиши, ўрнига бошқалар келиши ва бошқа сабабларга кўра эътибордан четда қолган. Шахсан ўзим 2022 йилда ишга келганман ва бу масала бўйича 2023 йилда ҳам шуғулланганмиз. Хусусан, ўтган йили туман судига ўндан зиёд даъво аризалари киритилган. Қурилиши чала биноларни бузиш ва мақсадли фойдаланилмаётган ер майдонларини қабул қилинган суд қарорлари асосида қайтариб олиш чоралари кўриляпти.
Агар қурилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган 50 та объект - “Ёшлар меҳнат гузари”, “Ёш тадбиркорлар” коворкинг маркази ва бошқа шу каби мажмуаларнинг барчаси тўлиқ ишга тушадиган бўлса, ҳар бирига камида 10 нафар ёш жалб қилиниб, 500 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланган бўлади. Шунингдек, юзлаб ёшларнинг ҳунар ўрганиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун қулай имкониятдир.
Бу каби муаммолар вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам мавжуд. Бунга масъул ходимлар бефарқ бўлмай, ҳар бир объект фаолияти тўғри йўлга қўйилишига эътибор қаратса мақсадга мувофиқ бўларди.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.