Масъуллар масъулиятини унутса...

Маълум қилинишича, вилоятдаги криминоген вазиятга барча масъуллар ўз вазифасига бирдек ёндошмаганлиги ва қарор ижросига панжа ортидан қараб келганлиги учун 90 нафари интизомий жавобгарликка тортилиб, 4 та жиноят иши қўзғатилган.
Мисол учун, Тойлоқ туманидаги 2-сон касб-ҳунар мактаби мансабдор шахслари мактаб ўқувчиси Ж.Баратов йил давомида дарсларга қатнашмаган бўлса-да, бу ҳолатга муносабат билдирмасдан, профессионал таълим ўқув машғулотлари журналига унинг дарсларга қатнашганлиги ва фанларни ўзлаштирганлиги ҳақида сохта маълумотларни киритиб келган.
Оқибатда назоратсиз қолган Ж.Баратов 2 нафар ўртоғи билан савдо дўконидан умумий қиймати 10368 АҚШ долларилик мулкни ўғирлаган.
Ҳолат бўйича касб-ҳунар мактаби мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, жазо муқаррарлиги таъминланган.
Қўшработ тумани, Қўралос маҳалласи ёшлар етакчиси Ш.Сайфуллаев ҳуқуқбузарлик содир этишга мойиллиги учун ўзига бириктирилган, муқаддам жиноят содир қилган 8 нафар ёшлар билан ижтимоий профилактика тадбирларни амалга оширмасдан, улар билан ижтимоий мослаштириш бўйича тадбирлар ўтказиб, иш билан банд қилганлиги ҳақида сохта маълумотлар киритиб, ижтимоий мослаштириш тадбирларини якунлаган.
Оқибатда жиноят содир қилишга мойил бўлган Д.Галабоев ижтимоий тармоқлар орқали “1-ХВЕТ” дастурида қимор ўйинлари ўйнашга берилиб, пулга муҳтожлиги юзага келгач, тумандаги савдо дўконларидан ўғрилик қилган.
Ҳолат бўйича ёшлар етакчиси Ш.Сайфуллаевга нисбатан Жиноят кодексининг 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.