МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг мажлиси Самарқандда ўтмоқда

Хабар берганимиздек, 16-17 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 57-мажлиси ҳамда МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва разведка хизматлари раҳбарларининг 21-мажлиси ўтказилмоқда.
Ушбу мажлисларда иштирок этиш учун Ўзбекистон, Арманистон, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғиз, Тожикистон, Туркманистон Республикалари ва Россия Федерацияси махсус хизматлари раҳбарлари, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси ва МДҲга аъзо давлатлар Аксилтеррор маркази вакиллари Самарқандга келди.
Бугун тадбир қатнашчилари дастлаб Самарқанд шаҳридаги хотира майдонида бўлиб, "Мотамсаро она" ҳайкали пойига гуллар қўйдилар. Юрт тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш йўлида жон фидо қилганлар хотираси ёдга олинди.
Шундан сўнг Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар хавфсизлик органлари ва махсус хизматлари раҳбарлари Кенгашининг 57-мажлиси ўтказилди.
Мажлис аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг йиғилиш қатнашчиларига мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати бошлиғи Б.Қурбонов ўқиб эшиттирди.
Мурожаатда таъкидланганидек, мазкур Кенгашнинг ҳар йилги мажлислари терроризм, экстремизм, наркотрафик, уюшган жиноятчилик ва бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашишда ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашиш учун мустаҳкам асос яратди.
Давлатимиз раҳбари Марказий Осиё минтақасида хавфсизликка таҳдид солаётган бир қатор омилларга алоҳида эътибор қаратган. Афғонистондаги беқарор вазият, халқаро террорчи гуруҳлар фаолияти, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси ва трансчегаравий уюшган жиноятчилик шулар жумласидан эканлиги кўрсатиб ўтилди. Шу билан бирга, кибержиноятчиликка қарши курашиш ва сунъий интеллектдан ғаразли мақсадларда фойдаланишнинг олдини олиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.
Президентимиз глобал хавфсизлик масаласига алоҳида тўхталар экан, минтақа атрофи ва Яқин Шарқда юз бераётган низолар барчани чуқур ташвишга солаётгани, улар иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган.
Ушбу омиллар жаҳон бозорида носоғлом рақобатнинг кучайиши, энергия манбалари нархининг ошишига олиб келмоқда. Шунингдек, энергетика ва транспорт соҳаларида миллий ва халқаро лойиҳаларни амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда.
Ўзбекистон Президенти ўз мурожаатида шундай мураккаб шароитда МДҲга аъзо давлатлар махсус хизматлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, иқтисодий, энергетика ва коммуникация тизимларини барқарор ривожлантириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда уларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимлигини алоҳида таъкидлаган.
Мажлисда Ҳамдўстлик маконида хавфсизликни таъминлаш, шу жумладан, халқаро терроризм ва экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, ахборот хавфсизлигига таҳдидлар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний халқаро айланмасига қарши курашиш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдидлар ва ўзаро ҳаракатларни мувофиқлаштиришга оид кенг қамровли масалалар муҳокама қилинди.