Менда фикр бор: Мутахассис тайёрлаш мактабдан бошланади

Одатда олий ўқув юртларида тайёрланаётган мутахассисларнинг сифати, билим даражаси пастлиги ҳақида сўз кетганда, халқ таълими вакиллари олий таълимга, олий таълим эса ўрта таълимга “Ҳа, энди лойи қанча соз бўлса, ундан ясалган кўза ҳам шунча яхши бўлади-да” қабилида иддао қилишади. Аслида муаммо ечими иккала томонга ҳам, шунингдек, жамият, оила, мактаб ўқувчи-талабанинг таълим олишига муносабати, қизиқиши, ҳаракати ва интилишларига, таълим ва тарбияни уюштириш, ташкил қилиш даражасига боғлиқ.

Таълимнинг самарали бўлиши кўп ҳолларда мактабга бориб тақалади. Ҳар қандай даражадаги таълимнинг мақсади, аввало, уларни саводли қилиш, билим олувчиларга табиат ва жамият борасидаги нарса, ҳодиса, воқеалар қонуниятлари ҳақида маълумотлар бериш, уларнинг сир-асрорларидан хабардор қилиш, олинган маълумотларни тўплаб таҳлил, тафаккур қилиб хулосалар чиқаришга, яъни англашга ўргатиш ҳамда маълум йўналишдаги ижтимоий-касбий малакаларни беришдан иборат.

Демак, асосий эътибор ўқитувчи фаолиятини такомиллаштириш, муаллимларнинг моддий таъминоти, ижтимоий ҳимояланганлиги, уларнинг меҳнатини қадрлашга қаратилиши лозим. Бу борадаги ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам ҳадеб ўзгартирилавермасдан, аввало, жамоатчилик, тажрибали ўқитувчилар фикрлари олиниб тасдиқланиши, агар ҳужжатлар мураккаб бўлса, дастлаб эксперимент сифатида жорий қилиниши маъқул. Янги ташкил қилинаётган педагогика институтлари ҳамда ўқитувчилик касбига талаба қабул қилишнинг асосий мезони билимдан иборат бўлиши, кириш балларида ногирон (кўзи ожиз)лардан бошқаларга бериладиган барча имтиёзлар бекор қилиниши шарт. Агар ўқишга кирувчи ҳақиқатан олимпиадалар ғолиби бўлса, уни кириш тестларида оқласин. Ҳарбий хизматдан тавсия олган бўлса, яхши. Лекин бу барча фуқароларнинг Ватан олдидаги бурчи, мажбуриятидир.

Булардан ташқари:

- мақсадга мувофиқлик ниқоби остида ҳар қандай паст балл тўплаганларни қабул қилишни ман этиш;

- иккинчи матухассислик олиш – умумий асосларда, яъни таълим биринчи курслардан бошланиши лозим;

- орттирилган контракт билан талабаликка қабул қилишни бекор қилиш;

- умуман, педагогика йўналишида ўқиётган талабаларга нисбатан пуллик шартномани бекор қилиш, уларни тўла давлат грантлари асосида ўқитиш, стипендияларни эса ўқиш натижаларига мос ҳолда, даражали белгилаш;

- шунга мос ҳолда мактабларга битирувчиларни ишга тақсимлаш давлат дастури, режалари асосида бўлиши лозим;

- у мутахассисликдан бунисига, институтдан-институтга ўтказишлар ҳам таъқиқланиши керак. Чунки бундай ҳаракатлар аввало, таълим сифатининг пасайиши, қолаверса, коррупцияни авж олдириш йўлларидан бири эканлигини 2020 йилдаги мисоллар кўрсатиб турибди. Шунингдек, бу борада педагогика институтларининг қайта ташкил қилиниши муносабати билан махсус сиртқи ва сиртқи таълимни ҳам тугатиш мақсадга мувофиқлигини ўйлаб кўриш керак.

Баъзи педагогик ихтисосликлар таълим даври уч йил бўлиши, ўқиш жараёни бакалавр даражасигача тўғридан-тўғри алоқаси бўлмаган фанлар, ўқув курсларининг қисқартирилиши ҳам мақсадга мувофиқ. Ушбу ҳолатни олий таълим ва халқ таълими ўқувчи-талабаларининг қишлоқ хўжалик ишларига жалб этилиши ман этилганлиги ўқиш жараёнини узилишларсиз давом эттириш билан ҳам асослаш мумкин. Шунингдек, педагог касбига ўқишга кирувчилар учун илгаридан анъанавий бўлиб келган кириш имтиҳонлари: ўзбек тили ва адабиёти ёзма (иншо) барча ихтисоликлар учун, мутахассислик турлари, масалан, физика фанидан тест, математика фанидан ёзма имтиҳонлар ўтказилса етарли.

Педагог-ўқитувчилик касбига фақат шу соҳага қизиққан, билимли, касбга содиқ, юборилган мактабига бориб ишлай оладиган, ҳар томонлама ўқитувчиликка лойиқ, ўқишни хоҳловчилардан саралаб олиш лозим. Шунда эҳтимол, мактабдан кейинги таълим яхши тайёргарликка эга талабалар билан таъминланади. Олий таълим тизими орқали яхши мутахассисларни тайёрлаш мактабдан бошланиши ҳеч кимга янгилик эмас, бу жойда таълим-тарбия яхши йўлга қўйилган, мақсадга йўналтирилган, ўқувчида билим олишга, ўз устида ишлаш масъулияти шаклланган бўлса, ундан албатта, яхши мутахассис чиқади.

Яхши мутахассис ўқитувчи, аввало белгиланган юкламаларни аъло даражада бажарсин, ундан кейин қўшимча дарс ўтиб (ёки репетиторлик) мактаб унга қўшимча соатбай ҳақ тўласин. Ҳозирда репетиторлик туфайли яхши мутахассис асосий дарсларга совуққонлик билан қарамоқда, ўқувчи эса дарсга кирмай, репетиторга боради.

Савод чиқариш, атрофлича билим олиш, малакали мутахассис бўлиб етишиш аввало, ҳар бир ўқувчи-талабанинг ўз интилишлари, қобилияти, ўз устида қунт билан ишлаши ва бу борада тинмай қилган машаққатли меҳнати самарасидир. Бошқа барча ҳолатлар шу йўлдаги қийинчиликларни бартараф этиш, толиби илмга ёрдам бериш, кўмаклашиш борасидаги чоралардир.

Ислом ҳуқуқшунослигининг Ҳанафийлик мактаби асосчиси Абу Ҳанифа ан Нуъмон ибн Собит (699-767)дан “Шогирдларингиз орасида қайсидан андоққи, кунглунгуз тилар розисиз”, дея сўраганларида у киши имом Муҳаммади ҳамда Абу Юсуф ва унинг ҳамсабоқларини тилга олган. Югнакий ҳақида эса “Аммо ул кўр туркки (шоирнинг кўзлари басир бўлган – З.М) саффи ниъолда (қуйида оёқ кийими ечиладиган жойда) ўлтирур ва бир масъалани мазбут қилиб (очиқ баён қилиб, мустаҳкамлаб) тўрт йиғоч йўл яёғ келиб (салкам 20 километр) борур, андоқким керак ул таҳсил қилур”, деб жавоб берган эканлар. Шу ҳолатда билим олган Аҳмад Югнакий буюк олим ва шоир бўлиб етишиб, туркий тилдаги илк ҳуқуқий асарлардан бири “Ҳибат-ул-ҳақойиқ” (“Ҳақиқатлар қаймоғи”) асарини ёзиб, ислом ахлоқи ва ғояларини Қуръон оятлари ва ҳадислар асосида оддийгина қилиб тушунтириб берган эканлар.

Зиёдулла МУҚИМОВ,

СамДУ профессори.