Мени муҳаррир қилган газета...
Яқин йилларгачаям қайсидир нашрга муҳаррир бўлиш хаёлимга келмаган. 2016 йилнинг августида камина ҳатто таҳририят биноси қаердалигини ҳам билмайдиган “Жомбой тонги” газетасига муҳаррир бўлдим.
Бугун “Жомбой тонги” 85 ёшга тўлди! Афсус, унинг байрам сонини чиқара олмадик...
Қисқача унинг ўтмиши, бугуни ҳақида.
Кеча
1935 йил “Давлатли турмушга” номи билан нашр этилган газетанинг биринчи муҳаррири Йўлдош Исмоилов бўлган. Ўқитувчи Ўрол Қаюмов ҳам ўша вақтларда нашрнинг ташкил этилишига ҳисса қўшган.
Кейинчалик газетанинг номи ўзгариб борди. Йиллар давомида “Коммунист”, “Шонли меҳнат” номлари билан чоп этилиб турди. 1993 йил 25 октябрдан бошлаб “Жомбой тонги” деб номланди.
Газетага Тешабоев, И.Хонимов, С.Йўлдошев, Х.Мирзаев, Нормат Ниёзов, Матлаб Эрмуҳамедова, Ботир Пирназаров, Мирза Мажидов, Раҳматилла Иноятов, Абдусамат Ҳамидов, Абдуқодир Раҳмонқулов, Абдусамат Ҳамидов, Олим Ҳамзаев, Ашурбек Пўлатов, Ҳулкар Маматмуродова муҳаррирлик қилган. Камина бу инсонларнинг тўрт нафарини танийман. Қолганларини архивимизда сақланаётган суратлари ва мақолаларидан биламан, холос.
Уларнинг кўпи бугун орамизда эмас. Меҳнатларидан Аллоҳ рози бўлсин!
Ўтган даврда таҳририятда Очил Тўйчиев, Йўлдош Отамуродов, Муҳаммади Бердиалиев, Машраб Бобоев, Абдусалом Суюнов, Абдурасул Олтмишев, Облақул Усмонқулов, Сулаймон Ҳусаинов, Ойхумор Асадова, Гулчеҳра Жамилова, Шокиржон Шералиев, Назокат Шербоева, Гадой Абдураҳимов, Алишер Умидов, Ёқуб Аминов сингари истеъдодли журналистлар самарали меҳнат қилишди.
Газета ютуқ ва ютқузиқлари билан шонли йўлни босиб ўтди. Уни номма-ном санашга ҳожат йўқ. Газетамиз архивини варақлаб, тез-тез чоп этилган мақолаларни қайта эълон қилиб турамиз. Сабаб, ўша сўз бугун ҳам яшаяпти, бугун ҳам керак.
Бугун
“Жомбой тонги” муҳаррирлигимда чиқа бошлаган илк ойларданоқ туманнинг фахрий ижодкорлари билан қизиқдим.
Бир вақтлар ушбу нашрнинг энг забардаст ходими бўлган Шокиржон Шералиев яна сиёсий шарҳлар ёза бошлади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ойхумор Асадова яна янгидан янги ғоялар берди. Публицистик мақолаларини эълон қилдик. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Гулчеҳра Жамилованинг овози пайдо бўлди. Ҳасан Султоновнинг карикатуралари нашримизга тоза нафас олиб кирди. Ўзининг таъбири билан айтганда, Ҳасан ака “ўзини қайтадан топди”.
Шерзод Исоқулов, Орифжон Одилов деган йигитлар ёнимга кирди. Улар бугун кичик туманнинг КАТТА ЖУРНАЛИСТЛАРИ! Баъзан овози Жомбойга сиғмай қолади. Ишонинг, шундай. Уларга эргашиб Аҳрор Шамсиев қалам тебрата бошлади. Газетамиз Соҳиб ака Сайфуллаев туширган фотосуратлар билан янада жонланди.
Халқсиз ОАВ – ҳеч нарса
Адабиёт сиёсатга аралашмасин, дегувчилар бор. Унинг тескарисини айтгувчилар ҳам кам эмас. Журналистикага ҳам шу нуқтаи назардан таъриф берувчилар топилади.
Мен эса журналистика – сиёсат, дегувчилар томондаман!
Тан олиш керак, маълум муддат сиёсатга жуда узоқдан аралашганимиз учун Ўзбекистонда ОАВ халқдан узоқлашди. Ваҳоланки, халқсиз ОАВ – ҳеч нарса!
Нокамтарлик бўлса-да, айтай. Сўнгги йилларда прокуратура, ИИБ, суд тизимидаги камчиликларни танқид қилдик. Ҳоким ўринбосарлари фаолиятига аччиқ баҳо бердик. Демак, муассисимиз бўлган ҳокимиятни ҳам аяганимиз йўқ.
Қизиғи, бизни “еб қўйишмади”. Хафа бўлишди, йиғилишларда, кўчада кўриб қолганда қовоқ уйишди. Аммо сўроқ берганимиз йўқ. Негаки, холислигимиз, функционал вазифамиз нима эканлигини билдиришга интилдик.
Сўнгги тўрт йилда туманда уч марта раҳбарият алмашди. Муҳими, уларга газета – ойна эканлигини тушунтира олдик, назаримда.
Умид қиламизки, газетамизнинг ҳурматини тўкиб қўймадик. Биздан олдин бу нашрни тебратганларга муносиб бўлишга интилдик.
Коронавирус, газетамизнинг туғилган куниниям расво қилди!
Аммо тушкунликка тушмаймиз. Биз ҳали яхши мақолалар, сизнинг ўй-фикрларингиз билан хонадонингизга кириб борамиз!
Исомиддин ПЎЛАТОВ,
“Жомбой тонги” газетаси муҳаррири.
(Уйдаман!)