“Миллий армия – она юрт қалқони, тинчлигимиз посбони!”
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллигига бағишланган тадбирлар ана шу шиор остида «Ватанпарварлик ойлиги» билан бошланди.
Шу муносабат билан Марказий ҳарбий округда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб иштирокчилар Марказий ҳарбий округ қўшинларига қарашли ҳарбий қисмда аскарлар, офицер ва сержантлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
– Округда 7/24 тартибида ишловчи кутубхона, “Ўқ отиш маркази”, ўқув биноси, машғулот хоналари, спорт зал, Соҳибқирон Амир Темур ва жадидчилик ҳаракати намояндаларининг ҳаёти ва ижоди, уларнинг сиёсий фаолиятига бағишланган кўргазмалар нафақат ҳарбий хизматчилар, балки ёшларни ҳам ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий ғурур туйғуларини уйғотиш ва шижоатини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди ҳарбий қисм командири ўринбосари Қосимжон Маҳкамов. – Шунингдек, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига қулайлик яратиш мақсадида бу ерда инглиз, рус, немис тиллари ҳамда спорт турлари бўйича бепул тўгараклар ҳам ташкил этилган бўлиб, уларга мутахассис сержант ва офицерларни бириктирганмиз. Ушбу тўгараклар ва кутубхонага шу ҳудудда яшовчи фуқаролар, жумладан, кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳам жалб қилинмоқда.
Ойлик доирасида Самарқанд шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб ҳарбий оркестрнинг ватанпарварлик марши садоси остида вилоятдаги ҳарбий қисмлар хизматчилари, миллий гвардия, мудофаа ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари, мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакилларининг ҳарбий юриши ташкил этилди.
Шундан сўнг Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида «Ватанпарварлик ойлиги»нинг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққанлар миллий армиямиз қудратини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида тўхталиб ўтдилар.
Ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган чиқишлар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси ёшларда катта таассурот қолдирди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.