Миллий либос ҳаммага ярашади

Миллий либосларимиз нафақат миллатимиз кўркини, балки маънавий мафкураларимизни ва дунё тамаддунида тутган ўрнимизни намоён этади.

Самарқанд шаҳрида касбий таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида ўзбекона кийиниш маданияти, унинг тарғиботи, кийим танлаш, замонавий кийинишда ўзбекона шарм-ҳаё меъёрларига амал қилиш, миллий анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш мақсадида касбий таълим ташкилотлари ўқувчилари ўртасида “Миллий либослар - миллатимиз ва маънавиятимиз кўзгуси” танлови ўтказилди.

Танловда I ўрин Оқдарё туман 2-сон политехникуми, II ўрин Тойлоқ туман 1-сон политехникуми ҳамда III ўрин Паст Дарғом туман 3-сон политехникуми ўқувчиларига насиб этди.

Шунингдек, касбий таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Глобаллашув даврида ахлоқий қадриятларнинг маданиятлар алмашинувига таъсири” номли тадбир ташкил этилди.

Инсоннинг фалсафий ва маънавий дунёси ахборотлашган жамиятнинг турли ахлоқий меъёрларини тўғри англашга, ҳар бир фуқаронинг борлиқда ўзига хос хусусиятларга эга бўлган ҳақиқатига таянишга чорлайди.

Шунинг учун ҳар бир инсоннинг фаолиятида аждодларнинг миллий қадриятларига сингиб кетган ҳалоллик, ростгўйлик, ҳаё, инсоф, хушфеъллик, ширинсуханлик, камтаринлик каби ахлоқий фазилатлар мавжудки, улардан ҳар ким ўз ижтимоий ҳаётида турлича фойдаланади.

Ушбу эзгулик ва миллийликка йўғрилган танловда биринчи ўрин Нарпай туман 1-сон, Каттақўрғон туман 1-сон, иккинчи ўрин Тойлоқ туман 1-сон, Тойлоқ туман 2-сон ҳамда учинчи ўрин Пахтачи туман 1-сон, Иштихон туман 1-сон политехникуми ўқувчилари қўлга киритди.

Танловларда ғолиб бўлган жамоаларга вилоят олий таълим, фан ва инновациялар бошқармасининг эсдалик совғалари топширилди.