Минбардан ерга тушган истилоҳлар ёхуд пахта дармонимизмиди ёки дардимиз?

Асосан Самарқанд вилояти билан боғлиқ хабарларни ёритувчи сайтимиз Zarnews.uzга «Самарқандда илк бор» деган жумлани қидирувга бердим. Элликка яқин, ҳатто ундан ҳам кўпроқ турли мавзудаги хабарлар экран юзида намоён бўла бошлади. Хабарларнинг барчаси турли мавзуларда бўлса-да, уларнинг умумийлиги битта: ушбу янгилик вилоятда илк бора амалга оширилмоқда. Келинг, баъзилари билан танишинг.

* Самарқанд тарихида илк бор энг нозик аъзо – юрак операцияси ўтказилмоқда. Кейинги йилларда юрак қон-томир хасталиклари оқибатидаги ўлим кўрсаткичи умумий ўлимнинг 63 фоизини ташкил этади ва бу охирги 3 йилда 4,9 фоизга ошган. Операцияларнинг амалга ошиши натижасида бу кўрсаткич вилоятда кескин пасайиши кутилмоқда.

* Мамлакатда илк бор Самарқандда монолит усулда кўприк қурилди.

* Самарқанд вилояти ҳокимлиги магистратурада таҳсил олаётган талабалар учун стипендия жорий этди.

* Самарқандда илк бор қизилўнгач саратони бўйича мураккаб жарроҳлик операцияси амалга оширилди.

* Вилоятда илк бор маҳаллий бюджетдан чин етимларга уй-жой учун маблағ ажратилди.

Ҳаётимизни яхшилаётган «илк» сифатли ўзгаришлар

Бу каби «илк бор…» жумлалари билан боғлиқ янгиликларни республика миқёсида қидирувга берганимда уларнинг саноғида адашиб кетдим. Ҳақиқатан ҳам кейинги йиллардаги баъзи янгиликлар ҳаётимиз, турмуш тарзимизга аста-секинлик билан ўзгартириш киритдики, уларнинг баъзилари ҳақида гапирмаса бўлмас. Фактли янгиликлардан бугунги ахборот тезкорлиги даврида  барчамиз сониялар ичида бохабар бўлиб, уларни осонгина ҳазм қилиб юборамиз. Гарчи, ушбу қисқа хабарлар ортидан юзлаб, минглаб инсонларнинг тақдири ижобий томонга ўзгарса-да, улар фақат маълум бир тоифадаги инсонларга тегишли бўлгани учун ҳам кўп тарқалмайди, унинг аҳамиятини ҳатто ўшаларнинг ўзи ҳам кези келганда англаб етмайди. Дейлик, вилоятдаги тиббий клиникалардан бирида, уйига яқин ҳудудда юрагида илк бор операция ўтказган инсон бундан олдинги беморларнинг қанча машаққат чекканини, пойтахтга ё четга боришга мажбур бўлганини билмайди ва бу ҳолатни табиий қабул қилиб, ҳатто даволанишда нималардандир норози бўлиб кетишиям мумкин. Ёки Меҳрибонлик уйи битирувчиси янги уйда яшай бошлайди, аммо ундан олдин акалари шу уйга эришмагани ҳақида ўйламайди. Олий таълим муассасаси ўқитувчиси кеча илмий иш ёзиш учун молиявий жиҳатдан қанча қийналгани, бугун уларнинг маоши бошқа соҳа ходимлариникидан кўра анча салмоқли экани ҳақида ҳам ўйлаб ўтирмаса керак. Уларни бу ҳақда ўйлаб кўришларига ундамоқчи эмасмиз. Балки ахборот манбаларида «илк бор» сўзини ишлатмай тўхтатилган баъзи ҳолатлар, бевосита маълум бир касб эгалари, аммо билвосита бутун жамиятнинг муаммосига айланган «кампания»ларга чек қўйилгани, шу орқали нафақат у ёки бу тизим, балки кенг зиёли қатламнинг фаолияти ўзгарганини айтмоқчимиз.

Пахта дармонимизмиди, дардимиз?

Совет иттифоқи даврида пахта кампанияси ғоявий мафкура орқали онгимизга шу қадар сингдирилдики, у бизнинг бебаҳо бойлигимиз, хазинамиз, боқувчимиз ва ҳоказо сифатлар билан тафаккуримизни эгаллаб олди. Мустақиллик йилларида бу тушунча йўқолмади, таълим, тиббиёт ходимларининг пахта далаларига сафарбар этилиши ҳам тўхтамади. Бундай ҳолатда таълим тизими ҳам ўзи истагандай ишлай олмади, мактаб дарс вақтлари бўшлиққа улоқтирилди. Шифохоналарда беморни қабул қиладиган шифокорлар топилмай қолди.   

Олий таълимда пахта билан боғлиқ қанчадан-қанча нохушликлар содир бўлди. Хуллас, пахта десак кимлардир аза очадиган, кимлардир хурсанд бўладиган (айнан таълим муассасалари, корхоналарнинг пахтага чиқарилиши ортидан коррупция ҳолатлари урчиб кетгани туфайли) паллалар эди. Бу ҳақда ёзилгани, айтилгани ҳаммаси самарасизлигича қолаверди.

Яқинда эшитганим, бир факт билганларим ичида энг даҳшатлиси эди. «Тўғри, кейинги йилларда фарзанд асраб олувчилар сони кўпайиб, уларнинг навбати чўзилиб кетгани рост. Бу бевосита болалар уйида гўдаклар сони камайгани билан боғлиқ. Ғалатироқ эшитилар сизга, лекин бир кичик ҳақиқатни айтаман. Ёшларнинг пахта теримига чиқмаслиги гўдаклар сонининг камайишига ҳам сабаб бўлди», дейди масъуллардан бири.

Энг ташвишли, энг оғриқли, айтишга тил бормайдиган томони ҳам шу эмасми аслида.

Бугун пахтани экишдан тортиб, унинг терими бошлангани ҳақидаги «долзарб» хабарлар аллақачон оммавий ахборот воситаларининг биринчи саҳифаларидан ўрин олмайдиган бўлди. Пахта ҳам ўзбекистонликлар етиштирадиган юзлаб ўсимликлар қаторидан ўрин олди, «олтин тахти»дан тушди.

Ҳашар бўлмаган «ҳашар»

Йил-ўн икки ой ўқитувчи-ю шифокорни кўчага олиб чиқадиган, ҳеч тугамайдиган «ободлик» масаласи ҳам жамиятда зиёлиларнинг обрўйини анчагина тўкиб қўйди. Баъзи ўқитувчиларнинг айнан шу масалалар туфайли кўнглидаги аламлари узоқ йиллар уларни қийнади.

- Мактабимизга яқин бўлмаган, шаҳар марказий кўчаларини супуриб-сидириш доимий ишимизга айланиб қолганди, - дейди Самарқанд шаҳридаги ўқитувчилардан Виолета Расулова. – Бошида бироз уялиб чиққан бўлсак, кейинчалик бунга кўникиб ҳам қолдик. Бир марта хорижлик сайёҳлар биз супуриб-сидираётган кўчадан ўтиб қолди. Қайсидир манзилни излашаётганини сездим. Инглиз тилидан дарс берганим учун уларга йўл кўрсатдим. Шунда улар ўқитувчилигимни билиб, нега кўча супуриш билан машғуллигимга қизиқди. «Ватанимизнинг ҳар қаричи обод бўлишини истаймиз, шунинг учун шаҳар тозалигига ҳисса қўшамиз», деб кулиб жавоб бердим. Кулдиму, лекин ичимда йиғладим, қадримга, касбимнинг хорлигига ачиндим.

– Ўқитувчининг эл орасида обрўсиз бўлиши соҳага тасодифий одамларнинг кириб келишига замин яратди, - дейди ургутлик ўқитувчи. - Умуман, таълим тизимида муаллимнинг сунъий обрўсизлантирилиши кўплаб муаммоларни келтириб чиқаришини санаб ўтиш ҳам шарт эмас, назаримда. 

Бизни эшитяпти!

Жамоатчилик назорати, фикри каби тушунчалар бир неча ўн йиллаб минбарлар, йиғилишлар, анжуманларнинг бош мавзусига айланди. Ҳеч минбардан тушгиси келмади. Мана, бир неча йилдирки, аҳолининг жамиятдаги у ёки бу ўзгаришларда бевосита иштирок этаётганига гувоҳ бўляпмиз. Аввалига бу иштирок асосан экология масалалари билан боғлиқ бўлди. Дейлик, дарахтларнинг кесилиши билан боғлиқ муаммолар ижтимоий тармоқларда кўп айтилгач, бунга қарши жиддий киришилгани, тегишли ташкилотларнинг унга қарши курашда дадиллашганини ҳис қилдик. Қоидабузарликлардан тортиб, у ёки бу соҳадаги интизомсизлик, масъулиятсизларнинг олиб чиқилиши бошқармаларни ҳам янгича ишлашга ўргатаётгани сир эмас.

Хабарингиз бор, яқинда Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев аҳолининг норозилигига сабаб бўлган, шаҳардаги бир бинонинг бузилиши билан боғлиқ воқеадан сўнг тўғридан-тўғри шу ҳолат бўйича аҳоли билан мулоқотга чиқди. Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда турли талқинлар, фикрлар билдирилди.

Аммо мазмун жиҳатидан бу жамоатчилик назорати ва уни қўллаб-қувватлашга қаратилган жуда муҳим қадам бўлди. Бугун давлат дастурига киритилаётган кўплаб лойиҳа, вазифалар шунчаки эмас, қуйи идораларда меҳнат қилаётган ходимларнинг фикрлари ҳам инобатга олинаётган ҳолда амалга оширилаётгани ҳам яна бир марралардан бири. Жамоатчилик фикри билан ишлаш механизмининг намунасидир.

Янги марраларга эски муаммолар тўсиқ бўлмайди

Биз сезиб-сезмай ҳаётимизни ўзгартириб бораётган янгиликлар кам эмас. Ойда бир келмайдиган чиқинди ташиш машинасининг ҳар ҳафта келаётгани, бундай хизмат қишлоқларда ҳам иш бошлагани, кўча ободлиги учун ташкилотлар ходимлари эмас, ўз соҳасининг эгалари жавоб бераётгани, «тез ёрдам»нинг тезлашгани, одамларнинг муаммосини тинглаш шаклланаётгани, уларнинг ечими изланаётгани, тест тизимидаги қаллобликларга чек қўйилгани каби ўнлаб янги эшиклар, ёруғликларнинг кириб келиши кундалик ҳаётимиздан, келажагимизга қадар дахл қиладиган ҳолатлардир.

Эҳтимол, ўйламаганимиз ҳам маъқулдир, ахир биз Янги Ўзбекистон сари қадамларни дадил ташлаяпмиз. Бу қадамлар эса мамлакатимизнинг ёруғ келажагини кутиш эмас, уни ҳозир кўриш ҳисси билан суғорилган.

Гулруҳ Мўминова.