Мўъжизалар оламига саёҳат
Бу жойни бошқа ном билан атаб бўлмайди. Ростдан бу ерда мўъжизалар яратилади.
Бу жойнинг ўзи, унинг яралиши мўъжиза.
Бу – “Тирилиш: Эртуғрул”, “Қурилиш: Усмон” сериаллари суратга олинган ва “Мендирман Жалолиддин” сериали суратга олинаётган кинопавильон.
Фахрлансак арзийдиган сериал
“Эртуғрул” сериалидан фахрлансак арзийди. Негаки, бу сериал айнан бизнинг диёримиздан Туркия заминига бориб, буюк Усмонийлар империясига асос сола олган мард ўғлон Эртуғрул Бек ҳақида.
Энди мухлисларимизга тарихни эслатишнинг ҳожати йўқдир. “Эртуғрул” сериалини телевизор экранлари қаршисига михланиб томоша қилдилар ва миллатимиз тақдири, қайғули кунлари билан боғлиқ тарихни ўрганиб олишди.
Сериал ҳам айнан XIII аср воқеаларидан, 1924 йилгача ҳукм сурган империяга ном берган Усмон Ғозийнинг отаси, Чингиз босқинидан қочиб, Онадўлига бориб қолган, у ерда ҳам оз машаққатлар чекмаган, умри халқининг тирик қолиши қайғуси билан ўтган ўғуз туркийларининг Қай уруғи беги Эртуғрул Бекнинг ҳаёти ва жанглари ҳақида ҳикоя қилади.
Фильмни бугун айнан шу сериали билан машҳур бўлган режиссёр ва продюссер Муҳаммад Бўзтоғ (Меҳмет Боздағ) суратга олган. Бунақа сериал олиш ғоясини берган ва режиссёрларни шунақа жанговар фильмлар ишлашга "мажбур қилган" одам эса "томошабинларни фисқу-фасодчи, миш-мишчи, ғийбатчи қилиб қўйган, султонларни ҳарамдан чиқмаган хотинмижоз қилиб кўрсатган бу билан буюк мамлакат ҳукмдорларининг обрўсини тўккан" “Муҳташам юз йил” сериалини аямай танқид қилган, ҳатто мамлакатда унинг намойишини тўхтатиб қўйган Туркия давлати раҳбари Ражаб Тойиб Эрдўғандир.
Давлат раҳбарининг талабига лаббай деб жавоб берган Муҳаммад Бўзтоғ аввалига “Тирилиш: Эртуғрул”, кейинига “Қурилиш: Усмон” сериалларини ишлаб, ўзи ҳам машҳур бўлди. Президент истаган фильмларни яратиш билан турк ўғлонлари қатори ўзбек йигитлари юрагида ҳам мардлик, жасурлик оловини қайта ёқди. Аллоҳ йўлини берса, бу ижодкор, менинг сезишимча, буюк турк султонлари ҳақида ўнлаб сериаллар олиб, мамлакати тарихини кинотасмаларга муҳрлайди.
Шу нарсани ишонч билан айта оламизки, Эртуғрул – турк халқининг миллат ўлароқ тикланишида муҳим ўрин тутган, шу билан бирга ўзбек халқининг ҳам шаънини улуғлаган буюк тарихий қаҳрамондир.
Киномайдон ҳақида
Нега бу жой ва бу жойнинг яралишини мўъжиза дедим?
Аввало, бу майдоннинг ўзи мўъжизавий бир ҳудудда барпо қилинган: Истамбулнинг Бейкоз (Беккўз) деган мавзеси (Истамбулдан 50 километр олис)да, Кичиксув, Кўксув ва Рива дарёлари оралиғидаги, бир томони Қора денгизга, бир томони Босфор бўғозига туташган, бир томони ўрмон билан қопланган, хуллас, тарихий фильмларни суратга олиш учун бундан қулай жой топиб бўлмайдиган макон.
Ишонасизми, Муҳаммад Бўзтоғнинг ишбошилари бу суратга олиш майдонини тайёрлаш учун уч йил тайёрланишган. Юртимизга келиб, хоразмшоҳлардан қолган саройлар, қасрлар, масжидларнинг, Самарқанддаги масжид ва мадрасаларнинг аниқ ўлчамларини, минглаб тарихий биноларнинг фото ва видеотасвирларини олишган. Шундан кейингина бу майдонни қуришни бошлашган ва мингдан ортиқ уста бу майдонни бир йилда қуриб битказишган. Эътиборли жиҳати шундаки, саройлар, масжидлар, мадрасалар, қалъалар, черковлар айнан ўша ўлчамларда, аслига монанд қилиб қурилган.
Ўтовлар Туркманистондан, гиламлар Эрон ва Туркманистондан, кашталар, зардеволлар, айрим либослар Ўзбекистондан келтирилган.
Мен бу майдонда Самарқанд, Хивадаги мадрасаларни кўриб, бир лол қолдим, улар нимадан ишланганини кўриб, ўн лол қолдим. Уларни ҳақиқий тош, ғиштлардан қурилган, деб ўйласам, аксарияти оддий “пенопласт” деган ашёдан ишланган экан.
– Буларни сиз ўйлагандек, тош ё ғиштдан бино бўлгандек кўринишлари учун бўёқчиларимиз ҳар бир деворни камида етти мартадан бўяшларига тўғри келди, – дейди “Бўздағфильм” киностудияси иш бошқарувчиси. – Аммо ҳамма бинолар ҳам шундай “алдамчи” эмас. Масалан, шоҳларнинг ёки амалдорларнинг уйлари ҳақиқий қурилиш ашёларидан қурилган ва уларда тасвирга олиш жараёнлари кетаётган кунларда киноактёрлар ва киноижодкорлар яшашади, овқатланишади, дам олишади. Бу уйларда ҳамма шароитлар муҳайё қилинган. Актёрлар ўзларини камида ўша амалдордек ҳис қилишлари керак-да!
Бизнинг Хоразмшоҳ қасрида ҳайратланганимизни кўриб, ишбоши бу муҳташам қасрга ҳам изоҳ берди:
– Бунақа павильонлар дунёда кўп, ўша Голливудда ҳам бор, аммо уларда фақат макетлари, биноларнинг эса фасад қисмигина ясалади. Биз эса барча биноларни тўлақонли ясаганмиз, фасади бор уйнинг орқа девори ҳам, томи ҳам бор. Бу ерда ясалган масжидда ўзимиз ҳам намоз ўқиймиз. Бу қасрга эътибор беринг, баландлиги 27 метр бўлган яна бирорта қасрни кўрганмисиз? Бу Хоразмшоҳ қасрининг ўша замондаги нусхаси. Хоразмшоҳ тирилиб келганида ўзи ҳам қойил қолган бўларди.
Киномайдонда Ўзбекистоннинг Урганч, Самарқанд шаҳарларидаги тарихий бинолари, Византия қалъалари, Чингизхон ва Қайларнинг ўтовларини ёнма-ён кўрасиз.
Эртуғрулнинг ўтовида
Кинони тасвирга олиш майдонига ташрифимизнинг энг таъсирли жойи шу бўлдики, бизни Эртуғрулнинг чодирига таклиф қилишди. Шу ерда фильмлар, уларнинг суратга олиниш жараёнлари ҳақида суҳбатлашдик.
Бизларга навбат билан Эртуғрул ўтирган тахтга ўтириб, суратга тушишга рухсат беришди. Аниқроғи, бирортамизга ўзимизнинг суратга ё видеотасвирга олишимизга рухсат беришмади, аксинча ўзлари суратга олиб, бизларга юборишди.
Мен Эртуғрулнинг тахтида, унинг бош кийимини кийиб, унинг байроғи остида, иккала ёнида ёнида иккита БЎРИ териси ёпилган тахтида ўтирар эканман, танамдаги қоним қизиб келаётганини, вужудимда бир жанговарлик уйғониб келаётганини ҳис қилдим. (Бўрини нега катта ҳарфларда ёзганимни мухлисларим англашгандир, менинг дунёда энг яхши кўрган жониворим бўри. Бўйсунмас ва ҳеч қачон қўлга ўрганмас бу йиртқич менинг бўйтуморимдир).
– “Эртуғрул” ва “Усмон” сериаллари олиб бўлингач, шундай ноёб нарсаларни бузиб ташлайсизларми? – сўрадим бу “иморат”лар тақдирига қизиқиб.
– Йўқ, аввало, павильонда “Қурилиш: Усмон” сериалининг кейинги фаслларини суратга олиш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукуматининг буюртмасига биноан олинаётган “Мендирман Жалолиддин” сериали ҳам айнан шу суратга олиш майдонида ишланмоқда.
Биз охирги саналган сериалда ўзбек киноактёрларини ҳам кўрганимиздан хурсанд эканимизни айтдик.
– Ҳа, “Мендирман Жалолиддин” сериалида суратга тушаётган актёрларнинг 80 фоизи ўзбек ижодкорлари. Аммо “Қурилиш: Усмон” сериалида ҳам Маъруф Отажонов, Акбархўжа Расулов, Тоҳир Саидов каби ўзбек актёрлари роль ижро этишган.
Албатта, биз “Эртуғрул” сериалининг муваффақиятлари билан қизиқдик.
– “Тирилиш: Эртуғрул” фильми дунёнинг 80 дан ортиқ мамлакатида намойиш этилди ва бу фильмнинг оммалашуви мамлакатимизга келаётган сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошишига сабаб бўлди.
Эртуғрулнинг байроғи
Эртуғрулнинг ўтовида ҳаммамизга “Эртуғрул” сериалига оид бўлган нималарнидир совға қилишди. Кимга қалпоғи, кимга қамчиси, қизларга маликанинг рўмоли... Менга нима совға қилишди, денг? Эртуғрулнинг байроғини!
Ўзи шу байроқ кўзимга оловдек кўриниб турганди. Бу байроқ эркак кишига мардоналик, жанговарлик бериб туради. Ҳозир бу байроқ хонамда осиғлиқ турибди. Буюк ватандошим кўтарган буюк байроқ хонамда турганидан фахрланаман! У менга куч, ғайрат бағишлаб туради!
Бу байроқ аждодларимни унутишимга йўл қўймайди! Буюк жангари аждодларимни ҳамиша ёдимга солиб туради! Ёзадиганларимга шиддат, шижоат бағишлайди. Сизга ҳам Эртуғрул каби мардоналик, ёқвурлик тилайман, мухлисим!
Каримберди Тўрамурод,
Истамбул, Бойкўз, zarnews.uz сайти учун махсус.