Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейида қандай ашёлар сақланади?
Бу йил юртимизда атоқли адиб ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланади.
Айни пайтда ҳудудларда мутафаккирнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган ижодий учрашувлар, танловлар, оммавий ахборот воситаларида чиқишлар, кўрсатув ва мақолалар эълон қилинмоқда. Шу билан бирга, Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейида жорий таъмирлаш, реэкспозиция ва ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
Маърифатпарвар бобомиз ва унинг ижоди, фаолиятига оид нодир экспонатлар, китоблар, қўлёзмалар, журналистик материаллар, саҳналаштирган асарлари ҳамда адиб яшаган давр ҳақида қимматли маълумотлар Самарқанд шаҳридаги Мир Саид Барака кўчасида жойлашган Беҳбудий уй-музейида сақланади. Жумладан, Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи каталоги ва унга киритилган экспонатлар тарихчилар, музейшунос, санъатшунос олимлар ҳамда кенг жамоатчилик учун муҳим манба саналади.
Уй-музейи каталоги
Маълумки, Беҳбудий Самарқандда ўзига хос илмий-маърифий муҳит яратган ва “Туркистон жадидларининг отаси” деган шарафли унвонга сазовор бўлган. Музей каталогида ва сақланаётган экспонатларда бобомиз ташаббуси билан 1903 йилда Саид Аҳмад Сиддиқий билан биргаликда Самарқанд атрофидаги Ҳолвойи ҳамда Абдулқодир Шакурий билан биргаликда Ражабамин маҳаллаларида янги мактаблар ташкил этгани ҳақидаги маълумотлар бор. “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти ва ижоди” экспозициясида намойиш этилаётган “Мухтасар тарихи ислом”, “Алифбои мактаби исломия”, “Амалиёти исломия”, “Матқали жуғрофия умрони” асарлари эса ана шу янги усул мактаблари учун дарслик сифатида яратилганини кўриш мумкин.
Мазкур экспозицияда Беҳбудий билан бир даврда ижод қилган жадидларнинг асарлари ҳам бор. Булар - Саид Васлий қаламига мансуб “Маданият ва зоифа шарияти исломия”, Саид Аҳмад Сиддиқий қаламига мансуб ва Абдулқодир Шакурий томонидан чоп этилган “Анжумани арвоҳ”, Мунавварқори қаламига мансуб “Ислом ақидалари”, Абулқосим Охунзода Ганжийнинг “Рисолаи иттиҳодия” асари, Абдуқодир Шакурийнинг “Жоми-ул ҳикоёт” асарларидир.
Беҳбудий ижодхонаси
Музейдаги экспозицияларнинг яна бири “Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ижодхонаси” деб номланиб, унда маърифатпарвар олим ижодхонасини кўрсатувчи ХIХ аср охири, ХХ аср бошларига оид стол, стул, кресло, шкаф, девор соати, шунингдек, Беҳбудий ва унинг замондошлари томонидан кенг фойдаланилган одатий уй-рўзғор буюмлари - мис кўза, китоб ўқиш учун лавҳ, қаламдон, китоб ташиш учун теридан ишланган сумка ва Қуръон китобини сақлаш учун сумкача ҳам ўрин олган. 1903 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилган ва Туркистонда кенг тарқалган “Континентал” ёзув машинкаси, ўша даврга хос телефон аппарати ва стол соати ҳам ижодхонани безаб турибди.
Олимнинг замондошлари, сафдошлари ва шогирдлари
“Беҳбудийнинг замондошлари, сафдошлари ва шогирдлари” номли экспозиция бўлимида алоҳида ўринни арча қипиғи ва тут дарахтидан қўлда ясалган глобус эгаллайди. Унинг юзасида лак билан қопланган материклар, океанлар ва денгизлар, тоғлар ва турли мамлакатларнинг контурлари акс эттирилган. Экваторнинг кенг чизиғида ўн иккита бурж белгиси тасвирланган. Глобус 1313-1895 йилларда ишлаб чиқарилган бўлиб, муаллиф ўз даврининг билимдонларидан бири Хўжа Юсуф Мирфаязов (1842-1924)нинг исми тўртта бурчакда араб ёзувида кўрсатилган. Глобус Маҳмудхўжа Беҳбудий замонида бошқа фанлар қаторида география ва картография ҳам ривожланганлигининг белгисидир.
ХIХ аср охири, ХХ аср бошларига оид мусиқа ва чолғу асбоблари
Музейдаги витриналарнинг бирида ХIХ аср охири, ХХ аср бошларида ватанимиз ҳудудида фойдаланилган асосий мусиқа асбоблари - доира, қашқар ва афғон рубоблари, най намойиш этилган. Мусиқа асбобларининг хилма-хиллиги шуни кўрсатадики, Ўрта Осиё худудида Эрон, Қашқар, Афғонистон, Шимолий Ҳиндистон ва бошқа минтақалар мусиқий анъаналари таъсирида ўзига хос мусиқа маданияти шаклланган. Шунингдек, ХIХ аср охири, ХХ аср бошларида аҳолининг ўзига тўқ, зиёли қатлами орасида урф бўлган кийим-кечаклар намойиш қилинмоқда. Улар, яшил атласдан қўлда тўқилган яктак, тик ёқали пахтадан тикилган кўйлак, бинафшаранг бахмалдан тикилган дўппи, қизил, оқ ва мовий чизиқларга эга салла, бинафшаранг, кўк ва яшил рангли чизиқларга эга беқасамдан тикилган аёллар чопони, гул нақшли қўлда ишланган, ипак абра матодан тикилган аёллар кўйлаги, чармдан ишланган эркаклар ва аёллар оёқ кийимларидан иборатдир.
Ноширлик намуналари
Маҳмудхўжа Беҳбудий ноширлик йўналишида ҳам самарали ижод қилган ҳамда бу йўналишда ўзига хос мактаб яратган. Навбатдаги экспозицияда олим томонидан ХХ аср бошларида нашр қилинган “Самарқанд” газетасининг 45-сони ва “Ойна” журналининг бир неча сонлари намойиш этилмоқда. Музейнинг ноширлик хонаси интерьерида асосий эътибор Беҳбудийнинг ноширлик фаолиятини ёритишга қаратилган. Туркистонда нашр ишлари билан дастлаб подшо Россияси статистика қўмиталари шуғулланган. Шу сабабдан 1868 йилдан 1910 йилгача нашрларнинг асосий қисмини рус тилидаги газеталар ташкил этган.
ХХ аср бошида, аниқроғи, 1913 йилдан Беҳбудий ҳам матбуот ишлари билан шуғулланади. Шу йил апрель ойидан рус-ўзбек ва форсий тилларда, ҳафтада икки марта, дастлаб икки, сўнг тўрт саҳифада “Самарқанд” газетасини чиқаради. 45-сондан кейин моддий танқислик туфайли газета чиқиши тўхтаган. Ўша йилнинг 20 августидан бобомиз “Ойна” журналини чиқара бошлайди. Бу суратли ҳафталик журнал асосан ўзбек тилида бўлиб, унда ихчам форсий шеърлар, мақолалар, русча эълонлар ҳам бериб борилар эди. У “Нашриёти Беҳбудия” номи билан ўз хусусий нашриётини очади. Фитратнинг “Баёнои сайёҳи ҳинди” асарини 1913 йилда русчага таржима қилдириб нашр этади, Туркистон харитасини тузиб, босмадан чиқаради.
Музейда ноширлик фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ ашёлар ҳам намойиш этилмоқда. Улар “Самарқанд” газетаси, “Ойна” журнали, “Новий Самарканд” (“Янги Самарқанд”, “Самарқанди Нав”) газеталарини нашр этиш учун Самарқанд вилояти ҳарбий губернатори номига ёзилган ариза намуналари, Самарқанд вилояти ҳарбий губернаторининг нашрларга рухсат берувчи гувоҳномалардан иборат ҳужжат намуналари ва ХIХ аср охири, ХХ аср бошларида Германиянинг “ FORSTE & TROMM LEIPZIG” фермасида ишлаб чиқарилган Эрон орқали Туркистонга олиб келинган қўл ёрдамида ишлатиладиган литография дастгоҳи намойиш этилмоқда.
Бундан ташқари, музей экспозициясида Туркистондаги жадидчилик сиёсий қарашларини акс эттирувчи ашёлар, варақалар, брошюралар, Беҳбудий ва бошқа маърифатпарварларнинг қарашлари баён этилган асарларини ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, намойиш этилаётган экспонатларни ўзбек, рус, инглиз тилларида каталог ҳолида ҳам кўрса бўлади. Каталогда Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейининг ташкил этилиши билан боғлиқ маълумотлар ҳам ўрин олган.
Гулмамат Аҳмедов,
Маҳмудхўжа Беҳбудий уй-музейи мудири.