Мўйноқда Қизил китобга киритилган 13 бош жайрон ноқонуний овланган
Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат инспекциясининг “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ ҳудудида сув объектларини муҳофаза қилишга ихтисослашган тезкор назорат гуруҳи” ходимлари томонидан 2019 йил 23 сентябрь, кечаси соат 3:00 да Мўйноқ тумани Қозоқдарё ОФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи “Ақшадарё” коллектори атрофида ўтказилган тунги рейд натижасида УАЗ-469 русмли давлат рақами 95 V 654 DA автомобили тўхтатилиб, кўздан кечирилганда ичида икки дона ов милтиғи ва ўн уч бош жайрон борлиги аниқланди.
Браконьерлар Т.Б. “ТОЗ-63” ва П.А. “ИЖ-18” русумли ов милтиғи ёрдамида “Ўзбекистон Республикаси Қизил китоби”га киритилган 13 бош жайронларни 2019 йил 22 сентябрда, кундузги соат 15:00-17:00 орасида ноқонуний ов қилганликлари аниқланди.
Экология қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, айни дамда ноқонуний ов бўйича барча ҳужжатлар тўпланиб, Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратурасига юборилмоқда.