Мўйноқда осмондан темир жисм тушди

Мўйноқ туманининг Қипчоқ дарё овули ҳудудига осмондан ичи бўш ҳолатдаги металл шар тушган. Бу ҳақда "Postda.uz" нашри хабар берди.

Маълум бўлишича, мазкур шарнинг оғирлиги 6 килограммга яқин бўлиб, унинг космик аппаратга тегишли эканлиги изоҳланмоқда.

Воқеага гувоҳ бўлганларнинг айтишича, дастлаб осмонда 3–4 маротаба портлаш овози эшитилган. Улардан бири Сабир Караматдинов бўлиб, унинг келтиришича, ушбу шар ундан тахминан 100 метрлар узоқликка тушган. Шундан сўнг, орадан 10 дақиқа ўтиб, у шарнинг ёнига борганлиги ва уни қўли билан ушлаб кўрганида иссиқ эканлигини таъкидлаган.

Интернет маълумотларига кўра, бу каби шарлар илгари Бразилия, Перу ва Жанубий Африка мамлакатларига ҳам тушган экан.