Муддатидан олдин кимлар овоз беради?

Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга.

Умумий тартибга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови фуқароларнинг овоз беришига асосланади. Овоз бериш – ҳар бир фуқаронинг давлат раҳбарини сайлашдек конституциявий ҳуқуқини амалга ошириш шаклидир. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз ҳохиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги Сайлов кодекси билан кафолатланади.

Сайлов кодексининг 57-моддасига кўра, муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва уч кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади.

Бу йилги сайловда муддатидан олдин овоз бериш 14 октябрь куни бошланади ва 21 октябрь куни якунланади.

Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов куни ўз яшаш жойида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади. Участка сайлов комиссияси сайловчидан сайлов кунида бўла олмаслигининг сабабларини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни талаб қилиши тақиқланади. Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафари аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.

Участка сайлов комиссияси аъзоси муддатидан олдин овоз берган сайловчини сайлов жараёнларини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизими(СЖБАТ)дан қидириб топади ва муддатидан олдин овоз берган сайловчи сифатида белгилайди.

Сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади.

Сайловчи қарор қабул қилади. Унга дахл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. У ўзи томонидан тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка сайлов комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади.

Овоз бериш куни овоз бериш вақти тугагандан кейин участка сайлов комиссияси раиси томонидан олдиндан овоз берилган бюллетенлар сейфдан олинади ва умумий сайлов бериш бюллетенларига қўшилиб саналади.

Дилором Маматқулова,

7-Самарқанд округ сайлов комиссияси аъзоси.