Муфтий Усмонхон Алимовга биринчи ўринбосар тайинланди
Бугун, 17 декабрь куни Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Олий ҳайъатининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий ҳайъат аъзолари, диний идора раҳбарияти, бўлим бошлиқлари, таниқли имом-хатиблар иштирок этди. Бу ҳақда Мусулмонлари идораси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилиш Қуръони карим тиловати билан бошланди ва ташкилий масала кўрилди. Унга кўра, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси тузилмасида янги жорий этилган раиснинг биринчи ўринбосари лавозимига Ишматбеков Ҳомиджон Баҳромович номзоди бир овоздан маъқулланди.
Маълумот ўрнида, Ҳомиджон Ишматбеков 1970 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент ислом институти, Мадина ислом университетида таҳсил олган. Фаолияти давомида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири, Тошкент шаҳар “Муҳаммад Носир ҳожи” масжиди имом-хатиби, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири лавозимларида хизмат қилган. Бир қатор китоб ва илмий мақолалар муаллифидир.