Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Муҳаммад Шайбонийхон ва Шайбонийлар давлати. Бу ҳақда бизга нималар маълум?

Шайбонийлар сулоласининг асосчиси Муҳаммад Шайбонийхон (1451-1510 йиллар) маърифатли ҳукмдорлардан бўлган.

Шайбонийхон ҳарбий юришлар ва давлат ишлари орасида қисқа танаффусларда турли фанлар ва исломни ўрганиш, тарихий ва шеърий асарлар битиш билан шуғулланган. Ўз саройига кўплаб тарихчи, шоир, олимларни жалб этган. Унинг саройида Камолиддин Биноий, Муҳаммад Солиҳ, Мулла Шоди, Фазлуллоҳ ибн Рўзбекхон каби халқ севган шоирлар паноҳ топиб, ўз асарларини яратган. Муҳаммад Шайбонийхон Ҳиротни қўлга киритгандан сўнг Камолиддин Беҳзод томонидан чизилган портрети бизнинг кунларимизгача сақланиб қолган.

Шайбонийлар  сулоласи 1500-1601 йилларда ҳукмронлик қилган. Бу даврда уч марта пул ислоҳоти амалга оширилган. 1507 йилда Муҳаммад Шайбонийхон пул ислоҳотини ўтказган, бу ўша даврдаги иқтисодий ҳаётнинг жонланишига хизмат қилган. Унинг даврида ирригация тизими ривожланган ва йирик суғориш иншоотлари бунёд этилган. Жумладан, Зарафшон дарёсидаги сувайирғичлар, Абдуллахон банди, Туятортар канали, Сангзор дарёсидаги иншоотлар, мурғоб воҳасидаги сув омборлари шулар қаторига киради. Бу жараён сунъий деҳқончилик ривожланишига ижобий таъсир кўрсатган. Бу даврда кўпгина халқ хўжалик ва меъморчилик иншоотлари қурилиши, илм-фан ишлари ва адабий муҳитга асос солинган. Унинг даврида илмий, адабий асарлар яратилган. Бу қисқа давр ичида математика, физика, кимё, ҳикмат, ҳандаса фанларидан ташқари тилшунослик, тарих соҳалари бўйича ҳам етук асарлар юзага келган.

Шайбонийлар давлатининг маълум муддат пойтахти бўлган Самарқандда ушбу сулола ҳукмронлиги даврида маданий ҳаёт ҳам ривожланган. Шайбонийлар меъморчилик ишларига ҳам аҳамият бериб, бу даврда бир қатор ёдгорликлар бунёд этилган. Сулола вакиллари мақсадга мўлжалланган қурилиш ишларини амалга оширган. Бу борада нафақат сулола намояндалари, балки ўз даврининг кўзга кўринган катта моддий имкониятга эга кишилари ҳам четда қолмаган. Чунончи, Самарқанддаги Муҳаммад Шайбоний қурдирган Хония, Абу Саид Калбобо, Кўкалдош, Меҳр Султонхоним номи билан боғлиқ мадрасалар шулар жумласидандир. Бу даврда Самарқандда Алайка Кўкалдошнинг Жума масжидида мармар минбар (1528 й.), Жувонмард Алихон томонидан ҳаммом (1574 й.), Қози Соқий мадрасалари қурилган.

Шайбонийлар даврида фан ва маданиятнинг ривожланишида мазкур сулола намояндаларининг ўрни катта бўлган. Аввало, уларнинг ўзлари ниҳоятда ўқимишли шахс бўлишган. Чунончи, Муҳаммад Шайбонийхон, Кўчкинчихон, Убайдуллахон, Абдуллахон II, Абдулазизхон каби Шайбонийлар туркий ва форсийда шеър битган. Диний ва дунёвий илмларда етарли салоҳиятга эга бўлган.

  Бу даврда тиббиёт соҳасида ҳам эътиборга молик ишлар қилинган. 1541 йилда Муҳаммад Ҳусайн Ибн ал-Меърони ас-Самарқандий тиббий ва фармакалогия рўйхатига оид илмий асар ёзиб, доривор ўсимликлардан дори тайёрлаш ва сақлаш учун ишлатиладиган идишларнинг рангдор нафис сийратлар илова қилинган. Самарқандда табиблар кўз касалликларини даволаш ишлари билан шуғулланганликлари тўғрисида маълумотлар келтирилган. Кўз табиби Шоҳ Али ибн Сулаймон Наврўз Аҳмадхон ҳузурида ишлаган. Самарқандда Кўчкинчихон замонида ҳиротлик табиб Султон Али ишлаган. У касалликлар ва терапия ҳақида умумий маълумот берадиган “Табиблик дастуруламали” асарини ёзган.

Бу даврда тиббиёт соҳасида бир қанча моҳир табиблар, ҳозиқ ҳакимлар етишиб чиқдиларки, ўз даврида “ифтихор-ул-атиб-бо” табиблар ифтихори унвонини олган Муҳаммад Мазид, Ҳаким Шаҳрисабзий, жарроҳ (хирург) мавлоно Бақо, мавлоно Рафе, 1541 йилда илми тиб ва дори-дармонлар ҳақида асар ёзган Муҳаммад Ҳусайн ибн Ширакас Самарқандий, кўз касалликларини даволашда ном чиқарган Шоҳ Али ибн Сулаймон, ўз замонасининг Суқроти номини олган Хожа Ҳаким ва натижат-ул атбо лақабини олган мавлоно Абдулҳаким ибн Мавлоно Султон Маҳмуд каби ҳакимлар шулар жумласидандир. Бу табиблар орасида, айниқса, мавлоно Муҳаммад Мазид ўзининг илмий фаолияти билан алоҳида ажралиб туради.

Масалан, табиблар тайёрлашга мослашган Дору-ш-шифо мадрасасида Абу Али ибн Сино, Ар-Розий, Абу Али ибн Ризвон Мисрий каби табибларнинг асарлари ўрганилган. Бундан ташқари, 1511 йилда ёзилган, 101 бетдан иборат Муҳаммад Юсуфнинг “Тиббий Юсуфий” деб номланган рисоласи тиббиётга тааллуқли маълумотлар ҳақида бўлиб, табибларни тайёрлайдиган мадрасаларда дарслик сифатида ўқитилган.