Мультфильмлар беҳаёликни тарғиб қилаяпти

Бугун телевидение орқали узатилаётган, ҳатто 10-12 ёшгача бўлган болалар томоша қиладиган “Bolajon” телеканалида намойиш этилаётган айрим мультфильм ҳамда фильмларни кузата туриб, “Улар катталар учун ишланмаганмикин?”, деган шубҳага бориш мумкин...

Аксариятида: “Бир кўришда севиб қолдим”, “Азизам, нега паришонсан?”, “Иккимиз биргаликда бахтли ҳаёт кечирамиз”, “Сени соғиндим”, “Менга турмушга чиқасанми?”, “Жудаям ҳаяжондаман!..”, “Мамлакатни душманлардан ҳимоя қилсанг, яккаю ягона қизимни сенга никоҳлаб бераман...”, “Жонгинам, юзларингдан бир бўса олай...”, “Қизингизни севиб қолдим, унинг қўлини сўрамоқчиман”, “Мен ундан ҳомиладорман...” сингари жумлалар бот-бот такрорланади. Такрорланганда ҳам шунчаки айтилмасдан, менталитетимизга ёт хатти-ҳаракатлар орқали ифодаланадики, бундай кадрларни оила даврасида кузата туриб, уяласан, киши. Нега дейсизми? Сабаби, “Bolajon” телеканалини болаларимиз яхши кўришади. Шу боис куннинг ҳар қандай қисмида ҳам имконият туғилди дегунча, фарзандларимиз телевизорни ёқиб, мурватини айнан ушбу телеканалга тўғрилашади. Айрим ҳолларда бобо ва бувилар, баъзида меҳмонлар билан биргаликда мультфильм кўришга тўғри келади. Ҳар қанча ноқулай бўлмасин, на чора, телевизорни ўчириб қўя олмаймиз, бола айтганини қилдиради.

Биламизки, ҳар бир телеканалда болалар учун вақт ажратилган. Бу вақт фарзандларимизнинг маънавиятини юксалтириш, билимини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш мақсадида мазмунли дастурларни эфирга узатишга мўлжалланган. Аммо “Болалар вақти”да ҳамиша ҳам кўзланган асл мақсад устун бўлавермаётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Таъкидлаш керакки, болаларимизни соатлаб телевизор рўпарасида “сеҳрлаётган” бундай фильмлар асосан, хорижда ишланган киноасарлар ва мультфильмлардир.

Гап-сўзи, одоб-ахлоқи билан менталитетимизга ёт характер унсурларини тарғиб қилаётган “Қор маликаси”, “Қизалоқ ва Маймоқ”, “Соҳибжамол ва Махлуқ”, “Музюрак”, “Уч баҳодирлар ва Шамаха маликаси”, “Кичик хўжайин”, “Крудслар оиласи”, “Қўшни айиқлар”, “Олафнинг янги йил совғалари” каби мультфильмлар ўрнига ўзимизнинг “Зумрад ва Қиммат”, “Тўғривой ва Эгривой”, “Кенжа ботир” сингари миллий эртакларимиз асосида ишланган анимацион фильмларни такрор ва такрор эфирга узатишгани минг чандон яхши эмасми?!

Жажжи томошабин уларни қайта ва қайта кўрганда ўзбекона характер, меҳр-оқибат, ҳалоллик ва тўғрисўзлик, бировнинг ҳаққига хиёнат қилмаслик каби олам-олам умуминсоний қадриятлар руҳида улғаяди. Ана шундагина телевидениеда “Болалар вақти” мазмунли ўтади, болаларимизнинг эстетик диди, савияси ўсади – кўзланган пировард мақсадга етамиз.

Ҳулкар УЗОҚОВА.