Мурод Муҳаммад Дўст: "Сўзларнинг ўзидан манзара пайдо қилиш мумкин. Баъзи сўзларнинг ўзида манзара бор, ҳаракат бор"

Истеъдодли адиб Мурод Муҳаммад Дўст 1949 йил 12 апрелда Нуробод туманининг Жом қишлоғида туғилган.

Тошкент давлат университетини тугатгач, Москвадаги Адабиёт институтида таҳсил олган.

Сўнгра “Ўзбекфильм” киностудиясида, “Шарқ юлдузи” ойномасида, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида, “Ўзбеккино” давлат акциядорлик компаниясида фаолият юритган.

Ижодий фаолияти ўтган асрнинг 70-йилларида бошланган. "Сўзларнинг ўзидан манзара пайдо қилиш мумкин. Баъзи сўзларнинг ўзида манзара бор, ҳаракат бор", дея сўзлардан улкан манзара олган ёзувчининг илк тўплами 1976 йили “Қайдасан, қувонч садоси?” номи остида нашр этилган. Сўнгра унинг “Мустафо”, “Истеъфо”, “Дашту далаларда”, “Чоллардан бири”, “Бир тойчоқнинг куни” каби ҳикоя ва асарлари чоп этилган.

1983 йил “Галатепага қайтиш” номли ҳикоясини ёзган. 1988 йилда машҳур “Лолазор” романини яратган.

2000 йилдан Ўзбекистон Ахборот агентлиги бош директори. 2002-2005 йиллар “Ўзбеккино” ДАК раиси бўлган. 2005 йилдан Президент аппаратида маслаҳатчи бўлиб ишлаган.

Қуйида ёзувчининг «Тошкентдан мактублар» туркумидан иккинчи мактуб - Саид Аҳмад ҳақидаги ҳикоясидан парча ўқийсиз.

***

Саид Аҳмад

Устознинг тўлиқ оти – Саидаҳмад эди. Отасининг оти – Ҳусанхўжа. Тошкентда туғилган. Чимкентда туғилганида балки Сайдамат бўларди. Бошқа касб тутганида Тошкентнинг ўзида ҳам Сайдаҳмат бўлиб кетиши ҳам тайин эди. Лекин у отини иккига бўлиб, адабий тахаллусга айлантиришга улгурди – Саид Аҳмад.

–Пиримқулга ҳайронман, – деди бир куни жаҳлланиб, – манга нуқул Саид ака деб гапиради.

Раҳматли Пиримқул Қодировнинг не сабабдан Саид Аҳмад исмини қисқартиб олгани бизга қоронғу. Ўзимизча, иккига бўлинган исмнинг ҳар порасини алоҳида ва бурро талаффуз этиб, яна ортига “ака”ни қўшишга эринган, деб тусмол қилардик.

Хуллас, Саид Аҳмадга Пиримқул аканинг қилиғи ёқмади. Шогирдларига икки–уч ой нолиб юрди. Лекин шогирдлар нима ҳам қила оларди. Пиримқул ака инжафеъл одам, айтсанг – дарров кўнгилга олиб, салом–аликни йиғиштириб қўйиши ҳам мумкин.

Пиримқул ака Дўрмон боғини, боғ атрофидаги жойларни кезишга ишқибоз эди. Ёзда ҳам, қишда ҳам шу одатини канда қилмаган. Эрта тонгда – бир, тунда яна бир мартадан узоқ сайр қилади. Чамаси, ёзадиган китобларини мияда пишитади.

“Ҳаво олгани чиқдим”, деяр эди йўлда учраган танишларига. Дўрмонда ҳафталаб ўтириб ижод қилган кезлари шаҳарга тушиб чиққан ҳамкасбларидан охирги янгиликларни ижикилаб суриштирарди. Биладиганини билиб олгач, суҳбатдоши билан хайр–маъзур ҳам қилмасдан, қўлбола ҳассачасини дўқиллатиб бир ўзи четга бурилиб кетарди: ”Мен бир ҳаво олиб келай…”

–“Падишайт ваздухом” деганими бу? – деб ўсмоқчиларди Саид Аҳмад. – Эътибор бергин, болам, Пиримқул ошхонага кирганда нуқул “Яхши иштаҳолар!” деб айтади. Приятний аппитит, деганими бу? Ғирт ўрисча–ку? Иштаҳа эмас, иштаҳо! Шундай дегани билан ўзбекча бўп қоладими? Қизиқ одам экан бу Пиримқул, мени нуқул Саид ака дейди…

Ниҳоят, Саид Аҳмад Пиримқул Қодировга “жазо” ўйлаб топди – ўзи ҳам Пиримқул исмининг “мухтасар” шаклига ўтди.

– Саломалайкум, Саид ака!

– Ваалайкум ассалом, Пир ака!

Давоми – маълум: ҳаво олгани чиқибсиз–да, Пир ака? Иштаҳолар яхшими, Пир ака? Ва ҳоказо ва ҳоказолар ва яккаш – Пир ака.

Янги шакл турланишда давом этиб, “Пир ака” аввал “Пирака”га айланди, сўнг баттар қисқариб анчайин “прака” бўлди ва ниҳоят мутлақо мавҳум “фрака” тусини олдики, бу замонга келиб Пиримқул Қодиров Саид Аҳмад исмини тўлиқ ва бехато айтишни одат қилиб улгурган эди.