Мурожаатлар тингланди
Хусусан, Қўшработ тумани Булоқбоши маҳалласида яшовчи Шаҳноза Қаршиева уй-жой масаласида ёрдам кўрсатишини сўраб мурожаат этди. Ургут туманида яшовчи фуқаро Мавжуда Худойбердиева қизининг умуртқа поғонасида ўсма суяк борлиги ва қизини жарроҳлик амалиёти йўли билан даволашда амалий ёрдам сўради. Ушбу мурожаатлар тегишли идоралар вакиллари билан муҳокама қилиниб, ижобий ҳал этиладиган бўлди.
С.Отамуратов вилоятдаги она ва бола скрининг ҳамда перинатал марказларида бўлиб, у ерда она ва бола соғлиғини сақлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Ёлқин ОҚБЎТАЕВ.
***
Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайлов округлари ҳудудларида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектлари аҳволини ўрганмоқда.
Нуробод туманидаги ўрганишлар чоғида аниқланишича, 5 ва 6-мактабгача таълим муассасаларининг биноси бугунги кун талабларига жавоб бермайди, 8-мактабгача таълим муассасасини эса замонавий янги жиҳозлар билан таъминлаш зарур.
– Жойлардаги аҳволни яхшилаш, тизимли муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирларни белгилаш ва амалга ошириш мақсадида ҳудудлардаги аҳволни ўрганяпмиз, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Пардаев. – Шунингдек, қонун ҳужжатларининг амалдаги татбиғини кўриб чиқиб, зарурат бўлганда уларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш учун аҳоли турмуш шароитини яхшилашга хизмат қиладиган йўналишлар, яъни тиббиёт ва таълим муассасалари фаолиятига кўпроқ эътибор қаратяпмиз.
Депутатлар туман марказий шифохонасида беморлар билан мулоқот қилдилар.
«Миллий тикланиш» ДП вилоят кенгаши матбуот хизмати.
***
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят, шаҳар, туман кенгашлари раислари ҳамда партия фаоллари иштирокида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасини ўрганишга бағишланган амалий семинар ўтказилди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ва уларнинг ижросини таъминлаш масъулияти ҳақида сўз юритилди.
Ўз мухбиримиз.