"Мустақиллигимизни ҳимоя қилишга кучимиз ҳам, журъатимиз ҳам етади": Олий Мажлис депутатлари россиялик сиёсатчи Прилепинга жавоб берди
Аввалроқ россиялик сиёсатчининг империячилик руҳидаги баёноти ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлганди. Ўзбекистонлик депутатлар ҳам Прилепиннинг фикрларига кескин муносабат билдирди.
Жумладан “Юксалиш” ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов қуйидагиларни билдирди:
“Рус сиёсатчиларининг бундай қарашлари шубҳасизки, Ўзбекистонликлар орасида Россия Федерациясига салбий муносабатни кучайтирмоқда.
Унинг тобора камайиб бораётган нуфузини янада пасайтирмоқда. Рус сиёсатчилари агрессив кайфият ва сўзлар билан дўст орттириб бўлмаслигини англаб етиши зарур. Айнан шундай агрессив ҳаракатлари дўстона муносабатдаги мамлакатлар билан алоқаларнинг ёмонлашишига сабаб бўлмоқда.
Иккинчидан, Захар Прилепинни бундай ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида қатъий огоҳлантирамиз.
Учинчидан, Прилепин ва бошқа рус сиёсатчилари илгари сураётган бундай қарашлар иллюзиядан бошқа нарса эмас. Кимгадир ёқадими, ёқмайдими, Ўзбекистон мустақил, мустаҳкам суверенитетга эга мамлакатдир.
Қолаверса, қарийб 60 минг аъзога эга бўлган Ҳаракат номидан Россия расмийларини иттифоқчи мамлакатга нисбатан бундай агрессив баёнотларга эътибор қаратишга ва батамом чек қўйишга чақираман.
Прилепин бу гаплари билан Россия Конституциясининг ўзга давлатлар билан тинч ҳаёт кечириш, ички ишларига аралашмасликни назарда тутувчи 79.1 моддасига зид чиқмоқда”, дейди Бобур Бекмуродов.
Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов ҳам ўз муносабатини билдирди.
“Жаноб Прилепин, шуни яхшилаб ўқиб олинг! Ўзбекистон мустақил, суверен давлат . Уни босиб олишга, унда ўз ҳукмини ўтказишга, хорижий тил ўргатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ ва бундай сурбетлик билан эълон қилинган фикрлар на халқаро ҳуқуққа, на соғлом ақлга тўғри келмайди.
Аксинча, урушни тарғиб қилиш – бу жиноятдир. Бизнинг улуғ халқимиз муқаддас ҳуқуқимиз – мустақиллигимизни ҳеч кимга, ҳеч қачон бериб қўймайди!
Мустақиллигимизни, суверенитетимизни, давлат чегараларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилишга куч-қудратимиз ҳам, журъатимиз ҳам етарли”, дейди Қудратов