Мутолаа: Эйнштейн билан учрашув. Ҳикоя
Октябрь оқшомларининг бирида иш кунидан сўнг Альберт Эйнштейн Принстон хиёбони бўйлаб ёлғиз юрар эди. Ғалати воқеа юз бериб, тўсатдан ва ҳеч қандай сабабсиз унинг фикрлари бир шаклдан иккинчисига эркин югура бошлаган бир пайтда бутун умри давомида орзуларида беҳуда ҳаракат қилган нарсаларни англаб олди. Эйнштейн ўз атрофида эгри бўшлиқни кўрди ва уни ҳар томондан синчиклаб кўришга муваффақ бўлди.
Идрок бўшлиқнинг эгрилигини англай олмайди – бу нафақат узунлик, кенглик, чуқурлик, балки бошқа бир сирли тўртинчи ўлчов; гарчи у инсоннинг тушуниш доирасига кирмаса-да, унинг мавжудлиги исботланган. На Пифагор, на Платон, ҳатто Данте ҳам агар улар ҳали тирик бўлганида уни енга олмаган бўларди, чунки бу ҳақиқат бизнинг миямизга тўғри келмайди.
Баъзи бир олимлар коинотнинг бу тушунарсиз чўққисини бир неча лаҳза бўлса ҳам (гўёки, қандайдир куч уларни тубсизликка кўтариб, дарҳол орқага қайтаргандай) забт этишга муваффақ бўлган. Ҳар ҳолда афсоналарда шундай дейилган.
Одатда бу ҳодиса овоза қилинмайди ва ҳеч ким қаҳрамонларни қутламайди. Ҳеч қандай шов-шув, интервью ва эсдалик медаллар берилмаган, негаки бу ғалаба мутлақо шахсий хусусиятга эга, киши бор-йўғи мен эгри бўшлиқни кўришга мушарраф бўлдим, дейиши мумкин. Ахир бу ҳақиқат эканлигини исботловчи ҳужжатлар, фотосурат ва шунга ўхшаш далиллари йўқ-да.
Донишманд Эйнштейнни дунёвий шон-шуҳрат қизиқтирмаса-да, ўша пайтда у худди тиланчининг чўнтаклари бирдан олтинга тўлганини пайқаб қўйгандай ўзини бошқалардан устун ҳис қилди.
Шу зайлда жазо сифатида, бу сирли ҳақиқат пайдо бўлган заҳоти йўқ бўлиб қолди. Шунда Эйнштейн турган жойи ўзига умуман нотаниш эканлигини пайқади. У икки томондан тўсиқлар билан ўралган узун хиёбон бўйлаб юрди; атрофда уйлар, вилла ва кулбалар йўқ эди. Фақат тепасида шиша шар порлаб турган чизиқли қора ва сариқ йўл-йўл рангларга бўялган ёқилғи қуйиш шохобчаси бўларди, унинг ёнидаги ёғоч ўриндиқда иш комбинезони ва қизил бейсболкада мижозларни кутиб бир қоратанли ўтирарди.
Эйнштейн ўтиб кетмоқчи эди, лекин қоратанли ўрнидан турди ва унга қараб бир неча қадам ташлади.
- Жаноб, - деди у.
Ўрнидан турганида бу одам баланд бўйли, юзлари силлиқ, хушқомат ва африкалик услубда келишганлиги кўзга ташланди. Тунги сокинликда унинг оқ тишли табассуми йилтиллаб турарди.
- Жаноб, сизда учқун топилмайдими? - деди қоратанли ва сигаретаси билан унга яқинлашди.
- Мен чекмайман, - жавоб берди Эйнштейн.
Шунда қоратанли сўради: “Балки менга ичкилик учун бироз пул берарсиз?”
Эйнштейн чўнтакларини титкилади.
- Билмадим... менда ҳеч нима йўқ... мен... жуда афсусдаман..., - деди ва йўлида давом этмоқчи бўлди.
- Шунисига ҳам раҳмат, - деди қоратанли, - маъзур тутасиз...
- Сенга яна нима керак? - сўради Эйнштейн.
- Менга сиз кераксиз. Шу учун бу ерга келдим.
- Мен? Нима учун?
- Менга сиз кераксиз, – деди қоратанли яна такрор, - бир махфий иш учун. Мен бу ҳақда фақат қулоғингизга айтаман.
Нотаниш кишининг оппоқ тишлари янада кўпроқ йилтилларди, негаки янаям қорунғулашганди. У Эйнштейннинг қулоғига эгилди:
- Мен Иблисман, – деди у секингина. – Мен ўлим фариштасиман ва бу ерга сизнинг жонингизни олгани келдим.
Эйнштейн бир қадам орқага ташлади: “Менимча... менимча сиз керагидан кўпроқ ичгансиз”.
- Мен ўлим фариштасиман, - такрорлади у. – Қаранг.
У буталар олдига борди, бир новдани синдирди ва бир лаҳзада ундаги барглар рангини ўзгартирди, қуриб қолди, сўнг бутунлай кул рангга айланди. Пуфлаган эди, ҳамма нарса - барглар, новданинг ўзи майда чангга тарқаб кетди.
Эйнштейн бошини қуйи эгди.
- Жин урсин! Демак, бу охири... лекин қандай қилиб – бу ерда, кечқурун... кўчада?
- Менга шундай топширилган.
Эйнштейн атрофга кўз югуртирди, ҳеч қаерда бирорта жон топилмади. У осмонга қаради – ҳаво очиқ, барча юлдузлар ўз жойида порлаб турар, Венера эндигина уфққа қадам қўяётган эди. У қоратанлига қараб деди:
- Менга бир ой муҳлат беринг. Бир ишни тугатиб турай, деб турган пайтимда пайдо бўлганингизни қаранг. Илтимос, атиги бир ой.
- Ўзингиз учун кашф этмоқчи бўлганингизни у ерда тезроқ билиб оласиз, фақат мен билан юринг.
- Бу бошқа-бошқа нарсалар: биз кейинги дунёда осонгина билиб оладиган бўлсак, унда қиммат қолармикан? Қилаётган ишим жуда жиддий. Мен унинг устида ўттиз йилдан бери ишлайман. Энди, жуда оз қолган бир пайтда...
Қоратанли мийиғида кулиб қўйди:
- Бир ой денг... Хўш, яхши, лекин муддат тугаши билан яширинишга уриниб кўрманг. Агар ўзингизни энг чуқур шахтага кўмсангиз ҳам сизни топа оламан.
Эйнштейн савол бермоқчи бўлди, лекин суҳбатдоши ғойиб бўлди.
Бир ой – бу яқин одамни кутиш учун узоқ, ўлим хабарчисини кутиш учун эса жуда қисқа муддат. Ҳатто ҳаводан ҳам қисқа. Лекин у ҳам ўтди. Ниҳоят кечқурун Эйнштейн белгиланган жойга борди. Худди шу ёқилғи қуйиш шохобчаси, ўша ўриндиқда, ўша қоратанли фақат комбинезони устига эски ҳарбий шинель кийган эди. Негаки, совуқ ҳаво тушган эди.
- Мен келдим, - деди Эйнштейн унинг елкасига тегиб.
- Хўш, ишингиз нима бўлди? Тугатдингизми?
- Йўқ тугатганим йўқ, - деди олим афсусланиб. – Менга яна бир ой берсангиз! Онт ичаман, бу сафар етади. Ишонинг, мен кечаю-кундуз тиним билмай ишладим, лекин барибир улгурмадим. Жуда оз қолганди...
Қоратанли ўгирилмасдан елка қисди:
- Барчангиз биз хилсиз. Сиз ҳеч қачон қониқмайсиз. Қўшимча вақт сўраб олиш учун тиззангизда туришга тайёрсиз. Баҳонангиз ҳам ҳар доим тайёр...
- Аммо мен қилаётган иш жуда қийин. Ҳали ҳеч ким...
- Ҳа, биламан, биламан, - гапини бўлди ўлим фариштаси. – Сиз коинот калитини излаяпсиз, шундай эмасми?
Икковлон сукут сақлади. Қишнинг туманли, чуқур зулмати ноқулайлик туғдирарди. Бундай кечаларда киши ҳатто кўчага чиқишни хоҳламайди.
- Нима қил дейсиз? – сўради Эйнштейн.
- Майли, бора қолинг. Лекин билиб қўйинг, бир ой тез ўтади.
Дарҳақиқат, у бутунлай сезилмасдан учиб ўтди. Тўрт ҳафта давомидаги вақт ҳеч қачон бу қадар ғайрат билан ютилмаган эди. Ўша декабрь оқшомида музли шамол эсиб, асфальтга тушган сўнгги баргларни шитирлатарди. Олимнинг берети остидан чиқиб турган кулранг сочлари шамолда ҳилпирарди. Ёқилғи қуйиш шохобчаси жойида турар ва унинг ёнида қоратанли киши бўларди: у бошига қулоқчин кийиб, чўкка тушиб, мудраб ўтирарди.
Эйнштейн унга яқинлашиб, оҳиста елкасига тегди:
- Мен келдим.
- Ҳа, келдингизми, - совуқдан тишларини ғижирлата сўради қоратанли киши, демак тугатдингиз.
- Ҳа, Худога шукур, тугатдим.
- Аср кашфиёти қилиндими? Хўш излаган нарсангизни қандай қилиб топдингиз? Коинотни суякчаларга бўлиб ташладингизми?
- Ҳа, - деди Эйнштейн табассум билан, - қайсидир маънода олам яхшиланди деб айтса бўлади.
- Демак, кетсак бўлади? Сиз бу сафарга тайёрмисиз?
- Албатта, ахир шундай келишгандик-ку.
Шунда Иблис ўрнидан турди ва баланд овозда кулиб юборди. Ўнг қўлининг кўрсаткич бармоғи билан Эйнштейннинг қорнига санчди; у зўрға оёғида тура олди.
- Майли қари фирибгар, уйга қайт, югуриб бор, агар ўпкангни шамоллатамоқчи бўлмасанг... энди сен менга керак эмассан.
- Мени қўйиб юборяпсизми? Бу... нима учун керак эди?
- Сен ишингни тугатиб олишинг учун. Бори шу. Ва мен бунга эришдим. Қўрқитмаганимда ким билади, яна қанча чўзган бўлардинг.
- Мени ишим? Сизга нима учун керак бўлди?
Қоратанли кулди:
- Менга бунга ҳожат йўқ... Аммо хўжайинларга, пастдаги катта шайтонларга... сизнинг биринчи кашфиётларингиз... уларга катта хизмат кўрсатган деб айтишади. Бунга сиз айбдор бўлмаган, лекин шундай. Истайсизми-истамайсизми, азиз профессор, дўзахда бундан фойдаланишди. Энди янгиларига маблағ ажратиляпти.
- Бемаънилик, - ғазабланди Эйнштейн. – Дунёда бундан зарарсиз нарса бўлмаса керак. Бу шунчаки формулалар, соф мавҳумлик, жуда объектив...
- Офарин! – қичқириб юборди Иблис яна олим қорнига бармоғини санчиб. – Баракалла! Демак, улар мени бу ерга беҳуда юборишипти-да. Сизнингча, улар нотўғри иш қилдими? Йўқ, йўқ, сиз яхши ишладингиз. Улар хурсанд бўлади! Оҳ, агар билсангиз...
- Агар билсам, нима?
У ғойиб бўлди. Ёқилғи қуйиш шохобчаси ҳам, ўриндиқ ҳам йўқ бўлди. Фақатгина тунда, шамолда ва автомобилларнинг узоқдаги хира чироқлари кўринарди. Нью-Жерси штатида. Принстонда...
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.