Мутолаа: Хазина. Ҳикоя
Ярим тунда ҳам кўзларига уйқу келмаётган жувоннинг қўл телефонига хабар келди:
- Хайрли оқшом. Телеграмга қарасам, ҳали ҳам бедор экансиз...
- Сизга ҳам. Ҳа, уйқум келмаяпти. Ўзингиз-чи?
- Менда ҳам уйқу йўқ. Ҳар кунгидек.
- Мени тушунса бўлар, лекин сизнинг нега уйқунгиз келмайди?
- Сизни мен тушунаман, лекин мени ҳеч ким тушунмайди-да.
- Сиз яхши инсонсиз. Ёлғизлигимни сездирмасликка ҳаракат қиласиз. Доим кўнглимни кўтариб юрасиз.
- Имкони бўлганида эди, кўнглингизни эмас, ўзингизни кўтариб, кўтарганда ҳам кафтимда кўтариб юрардим.
- Бунга шубҳам йўқ. Келинг, чегарадан чиқмайлик.
- Шу чегара дегани одамни қафасга солиб қўяди-да. Назаримда, биз учун бахт чегарадан нариги томонда тургандек туюлаверади.
- Бахт ўзи нима?
- Бахт – бу Сиз!
- Нега унда мени ҳеч ким ахтариб келмайди?
- Борайинми?
- Қаёққа?
- Бахтнинг олдига.
- Ярим тунда-я?
- Нима қилибди?
- “Алкимёгар”ни ўқиганмисиз?
- Йўқ. Нима эди?
- Шу асарни Румий ҳазратларининг бир ҳикоятидан илҳомланиб ёзган, дейишади.
- Тушунмадим...
- Тунги алжираш. Эътибор берманг. Гоҳида шунақа бўлиб туради.
- Қизиқ. Тунда сиз билан ҳеч гаплашмаган эканман.
- Бахтингиздан қўрққансиз-да.
- Сизданми?
- Менинг асарга умуман алоқам йўқ. Сизга эса ўқиб кўришни маслаҳат бераман.
- Ростдан ҳам мазангиз йўққа ўхшайди, докторга кўрсатиш керак.
Жувоннинг юзида бир лаҳзага табассум чирой очди-ю, зумда ғойиб бўлди. У яна жавоб ёзди:
- Агар ўша докторга мени сиз олиб борсангиз, аниқ “кўричак”, дейди.
- Нега?
- Чунки мен кўричакман-да.
- Бахт ҳам кўричак бўларканми?
- Одамдаги кўричакнинг вазифаси нима?
- Билмадим. Менимча, у ҳеч қанақа вазифа бажармайди. Чунки олиб ташласа ҳам яшайверамиз-ку.
- Мен ҳам шунақа. Ҳеч кимнинг ҳаётида, ҳеч қанақа вазифани бажармайман.
- Сиз шундай ўйлайсиз. Аммо ҳаётимнинг бир қисмига айланиб улгургансиз.
- Тунги алжирашми бу?
- Йўқ, рост. Агар шунчаки алжираш бўлганида ҳар куни сизни эсламаган бўлардим.
- Бева аёлни кўпчилик эслайди. Айниқса, тунда.
Орада узоқ вақт узилиш бўлди. На жувон бир сўз ёзди, на у. Бир соатлар чамаси вақт ўтгач, жувоннинг телефонига яна хабар келди.
- Ўша ҳикоят нима ҳақида эди?
- Хазина ахтарган киши ҳақида, - жавоб ёзди жувон.
- Топадими?
- Ўқиб кўринг, балки сиз ҳам топарсиз.
- Мен-ку биламан, аммо эрим ҳеч қачон бу хазинани топа олмаса керак. У киши ухлаяпти. Телеграми ёниқ қолибди. Хатларингизни ўқиганим учун узр. Сиз бахтга лойиқ инсонсиз...
Аслиддин Мустафоев.