Мутолаа: Хиёнат. (Ҳикоя)
Муслим бир вақтлар Руҳободнинг севимли адиби эди. Кейин кутилмаганда ... қамалди...
Ортиқча гап-сўзни ёқтирмайдиган қишлоқ аҳли сўраб-суриштирмади. Одам соясидан қўрқадиган замонда ўзини эплаб яшаса бўлди - бировнинг дардини ковлаб нима қилади? Муслимни буткул унутишди, китобини ўқиган болалар эса улғайди.
201... йилнинг зимистон тонгида у озодликка чиқиб, уйга келганидан бери кўчага чиқмай қўйди. Очиғи, уларга нимани айтади: хоинлар қўлида ўйинчоқ бўлгани, ёшлигида ақлини, кучини кўрсатиш ўрнига, палид кимсаларнинг оёғи остида уймалашиб ётганиними?
Бир куни у шашт билан ўрнидан турди. Энди эгилмайди, сабр-бардошли бўлади ва қалбларни забт этади. Ўшанда малаксиймо Маъсума йиғлаб юборади, шундай йиғлайдики тоғлар титрайди, дарёлар кўпириб оқади. Бир вақтлар ўлмас тоғларга Маъсума билан кўтарилиб, оламга ҳайрат-ла боққанча: “Яшасин ҳаёт, яшасин муҳаббат!”, дея ҳайқирган эди. Ўша дам ички туйғулари жўш урган, қўллари осмонни қучишга тайёр эди. “Мангу олов” романи тақдимотидан сўнг, мухлислари ошган, халқ адиблари ҳам унга ҳасад кўзи билан боқишар эди. Аммо шон-шавкати сўнишини, обрў, имиж ҳам умрдек вақтинчалик эканлигини ичдан сезарди. Майли, икки-уч йил бўлса ҳам давру давронини сурсин, кейин “Худо пошшо” дейдилар.
Ўшанда тақдимот маросими “Ором” меҳмонхонасининг қизил залида бўлиб ўтган эди. Шоирлар, адиблар, қўшиқчилар таклиф этилган залга эллик чоғли одам йиғилди. Машҳур ҳофиз дўсти “Биринчи муҳаббатим” қўшиғини куйлаганда, зал қарсакка тўлди.
Дунё деган шундайин англаб бўлмас сир экан,
Гоҳ кенг экан, гоҳида туйнуксиз қаср экан.
Лекин инсон ҳамиша бир ҳисга асир экан,
Нечун билмовдим аввал, биринчи муҳаббатим,
Парво қилмовдим аввал, биринчи муҳаббатим.
Зиёфат жуда қуюқ ва мазмунли ташкил қилинган эди. Муслим эски хумори тутиб, бир саргузаштни бошламаганида, бари силлиқ кечаётган эди. Яхши эсида: кимдир ҳофизга пулни узатиб, қўшиқни такрорлашини сўради. Бундан жаҳли чиққан адиб:
- Ўртоқлар, кўзларингизни очинг! Ўлдим-куйдим, севдим-севилдим замони аллақачон ўтиб кетди. Ҳозир қўлингдан келса, уч-тўрттаси билан яшашни эпла, вассалом, - баланд овозда ҳайқирди у.
Ҳамма шу ёққа қаради. Шивир-шивир, тийиқсиз гаплар тинмади. Энди “Мангу олов” романи ютуғи қолиб кетиб, Мусурмоновни ғийбат қилиш бошланди. Сочи жингалак эстрада хонандаси романтик хаёлларга берилган ҳолда, ҳазиллашгиси келди:
- Гапингиз исботи билан бўлсин! Майли, акахоннинг сўзлари учун қадаҳ кўтарайлик.
Мусурмоновнинг чапдастлиги, абжирлигини ижодкор аҳли яхши билар, аммо хонанда бундан бехабар эди.
- Тўхтанг, ичмай туринг, - деди Муслим ўрнидан туриб. – Бир дақиқа танаффус эълон қиламиз.
Адиб шашт билан залда қадам ташлаб, таниқли хонанданинг қошига борди ва ёнгинасида товусдек товланиб турган раққосани қўлидан ушлаб ўзига тортди.
- Шу қизга жону жаҳонимни, қалбимни бағишлайман!
Раққоса жуда гўзал, келишган, кийикдек ҳуркак эди. Саросимада у мувозанатини йўқотиб, ўзини адибнинг пинжига урди.
Зал қарсакбозликдан ларзага келди. Муслим раққосани қўлидан судраб, столнинг тўрига қараб юрди. Бу ўша Маъсума эди. Тадбирдан кейин улар машинага бирга ўтиришди. Шу-шу, ўртоқларига “менинг илҳом парим” деб таништирадиган қиздан ҳеч ажралмади.
Бойлар ҳаёти ҳақида памфлет асарлар ёзиб юрадиган жонажон дўсти Маликшоҳнинг сўзларини ҳам у шу дамда эслади:
- Сен буюк истеъдод соҳиби, лекин қизларга ўчлигинг бошингга балоларни ёғдиради.
- Қиз бола бало эмас, жон, руҳ, жаннатмонанд жой дегани. Сўзларимни ёддан чиқарма!
- Дўст ачитиб гапиради...
Орадан бир йил ўтиб, Муслимнинг романи чет элларга таржима қилинди, ҳатто қардош дўстлари Туркияда тақдимот маросимини ўтказиб беришди. Хотини ва ўғли ёнидан чипта олиб, бирга боришни режалаштирди.
- Дадаси, сизнинг бахтли кунингизда ёнингизда бўлишим лозим, -деди хотини чой устида.
- Ўша тадбирда қатнашиш шахсан менга шараф бағишлайди, - қўшилди ўғли ҳам.
Муслимнинг қулоғига бу гаплар кирмади, фикри-ёди Маъсуманинг қадди қомати-ю, инжа қилиқларида эди. “Ҳаётда бир кун умринг қолса ҳам айш қилгил, ярим соат вақтинг бўлса ҳам ҳаргиз рад этмагил”, деган шиор унга хуш ёқарди.
Хориж сафаридан қайтгач, уни Ёшлар шаҳарчасида учрашувлар, интервьюлар кутиб турарди. Машҳур романда қулликдан қутулиш, озодлик йўлида курашишни байроқ қилган босмачиларнинг аччиқ қисмати тасвирланган эди. Бир шоира талаба дабдурустдан Мусурмоновга мурожаат этди:
- Устоз, айтинг-чи, истиқлолимиз учун курашган босмачиларнинг ишини тўлиқ оқлайсизми?
Бу анчайин нозик масала эди. Ўйлаб жавоб бермаса, гап чувалашиб, юқори эшелонга бориб етарди. Аммо Муслим анойилардан эмас, гапини топиб ва билиб гапиради.
- Синглим, босмачилар мард, жасур кишилар бўлган. Мен уларнинг душманни юртимиздан ҳайдаб чиқариши ғоясини ҳам, халқни зулукдек талаб ётган маҳаллий бойларнинг молини тортиб олганини ҳам оқлайман.
Ўша даврада Маликшоҳ бор эди. Дўстининг сўзларидан кейин ўртадаги совуқчиликни юмшатиш илинжида у минбарга чиқиб, шундай деди:
- Мусурмонов қатағонга учраган бойлар ва босмачилар ҳақида сўзлаб берди, бугунги бойлар бошқа масала. Умуман, қизиқарли ёзилган бу романни ўқишни маслаҳат бераман. Адиб тарихимизнинг битилмаган саҳифаларини тиклашга уринган...
Маликшоҳ жойига ўтираётиб, Муслимнинг қулоғига: ”Битта айбинг бор десам, бошқа айбларинг ҳам кўп экан”, деб шипшиди.
Уч кундан сўнг, М.Мусурмоновни тегишли идорага чақиришди. У мард, ўктам йигит бўлиб, ўзига қаттиқ ишонар, танишлари ҳам бисёр эди. Юқоридаги акахоннинг қўнғироғи туфайли бало-қазодан осон қутулди. Дўстининг қистовига кўра, кейинчалик “машҳурлик касали”ни йиғиштириб қўйиб, яна ижодхонасига беркиниб олди. Уч ой ичида севишганлар ҳаётидан олинган қиссасини ва бешта ҳикояни ёзиб тугаллади. Аммо, бу битганлари олдингидек овоза бўлмади.
Кутилмаганда Муслимни яна идорага “судрашди”. Савол-жавоблар бир ойча давом этди. Адабий мухлислари ва дўстларининг сабри-тоқати тугаёзди. Муслимнинг режалари улуғ, ёзмишлари довруғли бўлишини ҳамма биларди. Шундай қилиб, уни маҳкамага тортишди. Судда адибнинг оила аъзолари ва яқинлари ҳам иштирок этди. Аммо “Ором”да учрашган қиз Маъсумахон негадир кўринмади.
...Муслим ака ўша қора кунларни, Маликшоҳнинг насиҳатларини қайтадан ёдга олди. Ҳаёт ўткинчи, у абадий эмас экан. Оилапарварлик инсон безаги, хиёнат иллат эканлигини қалбан тушунди. Энди хиёнаткор Маъсумани ҳеч қачон кўрмайди, у Муслимни асарлари орқали уқиб, ўзининг гуноҳларини ҳис этади.
Маликшоҳ яқинда дўстига катта сирни очди: адибнинг маъшуқаси “ўша” идоранинг ходими эмиш. У бўлиб ўтган воқеаларни ҳикоя қилар экан, Муслим "дод" деб бўкирди. Эҳ, кеч тушунди, қўйнида илонни асраб юрган экан-ку. Аммо бу юмшоқ илон не-не ақлли зотларни тиз чўктирганини билармикан?!
У ҳаётнинг беаёв синовлари, сирли-синоатли “ўйин”ларидан чарчаган эди. Ёстиққа бошини қўяр экан, шоирнинг шеърини оҳиста пичирлади:
Дунё деган шундайин англаб бўлмас сир экан,
Гоҳ кенг экан, гоҳида туйнуксиз қаср экан.
Бахтиёр ОМОН,
2020 йил 30 май.