Мутолаа: Заҳарли ҳасад
Бир аёл иккинчисини ёмон кўриб қолибди. Чунки янги ишга келган бу хоним бўлим бошлиғи лавозимига тайинланди. Моҳира тўлачадан келган, ёлғиз аёл эди, кийиниши, соч турмаги ҳам оддийгина. Шундай қилиб даъвогар Шаҳло қолиб кетиб, масъулиятли иш ўрни Моҳирага тегди.
Шаҳло жуда аччиқланди, зардоби қайнаб, ғазабдан рақибасидан ўч олиш йўлини ўйлаб топди: у интернетда сохта саҳифа яратиб, у ерга келишган бир йигит суратини жойлаштирди ва Моҳирага Илҳомжон номидан хат ёза бошлади. Сохта ошиқ Моҳирага кундан-кунга ҳар хил нозик шама ва ёқимли сўзлар ёзарди. Шаҳло кўримсиз, Моҳира бу уйдирма одамни севиб қолишини, вақти келиб йигит ошиқ аёлни ташлаб кетиб, унинг афт-ангори ҳақида унга жуда кўп аччиқ ва нафратли сўзларни ёзишни орзу қиларди.
Аёл ана шундай жирканч нарсани ўйлаб топди ва ўз режасини жуда муваффақиятли амалга ошира бошлади. Моҳира дастлаб мактубларга тортиниброқ, ишончсизлик билан жавоб қайтарарди, кейинчалик унга ишона кетди, юзида табассум югурди, чеҳраси очилиб, бахт оғушига шўнғий бошлади... Ажойиб! Шаҳло уни бурчаклардан кузатар ва ҳамтовоқ дугонаси билан бирга Моҳирани масхара қиларди.
Тақдири азалнинг оғир кунларини бошдан кечирган сирли бева эркак, келишган йигит Илҳомжонга ошиқ бўлган Моҳира парҳез тутди, спорт залига қатнай бошлади. Аёллар салонига бориб, нафис соч турмагини қилдирди. У чиройли кийина бошлади, чунки янги маоши бунга имконият берарди. Ва ғайриоддий тарзда гулдай очилиб кетиб, гўзал аёлга айланди. Кўп ўтмай Моҳира янги лавозимга кўтарилди, негаки, у катта иштиёқ билан ишларди! Маоши ҳам ошди, албатта.
Кунларнинг бирида уни соҳа бўйича бўлиб ўтган тадбирлардан бирида бир ташкилотнинг ходими яхши кўриб қолди. Шундан сўнг ҳасадгўй Шаҳло хат олди:
“Илҳомжон ака, сизга иқрор бўлишим керак, мен бошқа бировни учратдим, биз оила қурмоқчимиз. Ҳаётимдаги энг қийин онларни ўтказаётган пайтларимда менга тасалли бўлган эдингиз, сизнинг ғамхўрлигингиз туфайли ўзгарганим учун сиздан миннатдорман, мен ўзимни кўпроқ ҳурмат қила бошладим. Азиз дўстим, мен сизни ҳеч қачон унутмайман. Алвидо! Қалбингизга озор бермаслик учун рақамингизни блоклаб қўяман ва ҳаммаси учун сиздан узр сўрайман. Кечиринг. Моҳира.”
Моҳира турмушга чиқди, ҳасадгўй сохта Илҳомжон эса асабий тушкунлик билан касалхонага тушди. Психиатрия шифохонасида у ҳаммага ўзини “Илҳомжон” деб таништира бошлади...
Баҳора тайёрлади.