Жойлардаги мулоқотлар: муаммолар таҳлили ва ечим излаётган депутатлар

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларидаги фаолияти сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Агар авваллари бу каби ташрифлар асосан ҳисобот ва расмий учрашувлар билан чекланган бўлса, бугунги кунда амалий ўрганиш, муаммоларни жойида аниқлаш ва тезкор ечимлар топишга қаратилгани билан аҳамият касб этмоқда.

Вилоятимизнинг қатор туманларида ўтказилган навбатдаги ўрганишлар бу жараён қандай кечаётганини яққол намоён этди. Депутатлар нафақат аҳоли билан мулоқот қилди, балки мактаб, боғча, тиббиёт муассасалари, маҳалла инфратузилмаси ва ижтимоий обектларни жойига чиқиб ўрганди.

Эски муаммо — янги ёндашув

Паст Дарғом туманида Шерзод Тўхташев иштирокида ўтказилган ўрганишлар таълим соҳасидаги муаммоларни яна бир бор кун тартибига олиб чиқди. 82 ва 111-умумтаълим мактаблари, шунингдек 46 ва 59-давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги ҳолат ўрганилганда, бир қарашда кичик кўринган муаммоларнинг аслида тизимли экани аён бўлди.

Eнг долзарб муаммолардан бири иситиш тизими билан боғлиқ ҳолатдир. Деярли барча ўрганилган муассасаларда қиш мавсумида ҳароратни сақлаш масаласи муаммоли экани қайд этилди. Бу эса нафақат таълим сифатига, балки болалар саломатлигига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.

Ўқитувчилардан бири билан ўтказилган суҳбатда шундай дейилди:

— Йиллар давомида шу муаммо билан яшаяпмиз. Қишда синфхоналарни иситиш учун турли усулларга мурожаат қилишга мажбур бўламиз. Бу эса таълим жараёнига ҳам салбий таъсир қилади”.

Бу иқтибос таълим тизимидаги инфратузилмавий муаммолар қанчалик чуқур илдиз отганини кўрсатади.

Ўрганишлар давомида яна бир муҳим масала “Ташаббусли бюджет” механизмидан фойдаланиш самарадорлиги бўлди. Маълум бўлишича, кўплаб мактаб ва боғчалар бир неча йилдан буён ушбу лойиҳада иштирок этиб келаётган бўлса-да, етарлича овоз тўплай олмагани сабабли ғолиб бўла олмаган.

Бу эса тизимнинг яна бир жиҳатини очиб беради: фаол иштирок ҳар доим ҳам натижа бермайди.

— Ҳозирда ҳар бир депутатга сайлов округидаги ижтимоий муаммоларни ҳал этиш учун алоҳида маблағ ажратилмоқда. Биз ушбу имкониятдан фойдаланиб, ъТашаббусли бюджет”да ғолиб бўлмаган, аммо аҳамияти юқори бўлган лойиҳаларни амалга оширишга ҳаракат қиляпмиз”, дейди Депутат Шерзод Тўхташев.

Бу ёндашув тизимдаги муайян адолатсизлик ёки номутаносибликни юмшатишга қаратилган амалий қадамдир. Чунки овоз бериш жараёнида баъзан ахборот камлиги, аҳоли фаоллигининг пастлиги ёки бошқа омиллар сабаб ҳақиқатан ҳам муҳим лойиҳалар четда қолиб кетиши мумкин.

Мувозанат бузуқми ёки муаммолар умумий?

Қўшработ тумани ҳокими Дилшод Шакарбоев томонидан депутат Бекмирза Эшмирзаевга тақдим этилган маълумотлар ҳудудда амалга оширилаётган ишлар кўламини кўрсатади. Хусусан, ўтган йили 10 маҳаллага ҳар бири учун 10 миллиард сўмдан маблағ ажратилгани, жорий йилда эса яна 7 маҳаллада шундай ишлар режалаштирилгани қайд этилди.

Бир қарашда бу катта инвеститсиядек туюлади. Аммо таҳлил шуни кўрсатадики, катта маблағ ажратилишига қарамай, асосий ижтимоий муаммолар тўлиқ бартараф этилмаган.

Бу ерда савол туғилади: маблағ етарлими ёки уни тақсимлаш ва назорат қилиш механизмларида муаммо борми?

Мутахассислар фикрича, муаммо кўп ҳолларда маблағ етишмаслигида эмас, балки унинг тўғри йўналтирилмаслиги ва устуворликларни белгилашдаги камчиликларда намоён бўлади.

Депутат Азамат Пардаев томонидан Оқдарё, Булунғур ва Жомбой туманларида амалга оширилган ишлар ҳам диққатга сазовор. Бу ҳудудларда ҳам таълим муассасаларидаги таъмирталаб бинолар, тиббиёт муассасаларидаги етишмовчиликлар ва маҳалла инфратузилмасидаги муаммолар деярли бир хил экани кузатилди.

Масалан, Найман маҳалласидаги поликлиника ҳолати ўрганилганда, унинг анча эскиргани ва таъмирталаб экани аниқланган. Шунингдек, бир қатор мактаблар ҳам мукаммал таъмирга муҳтож.

- Асосий муаммолар инфратузилма билан боғлиқ, - дейди А.Пардаев. - Мактаблар, поликлиникалар, маҳалла бинолари аксарияти таъмирталаб. Шунингдек, иситиш, сув таъминоти каби масалалар ҳам долзарб. Депутат сифатида бу муаммоларни ҳал этишда қандай йўл тутяпсиз, деган табиий савол туғилиши мумкин. Бунда биринчидан, жойига чиқиб ўрганяпмиз. Иккинчидан, маҳаллий кенгашлар билан ҳамкорликни кучайтиряпмиз. Учинчидан, ажратилаётган маблағларни энг долзарб масалаларга йўналтиришга ҳаракат қиляпмиз.

Парламент назорати: натижа борми?

Депутатларнинг жойларга чиқиб ишлаши парламент назоратининг муҳим шакли ҳисобланади. Бу орқали қонунлар ижроси қандай таъминланаётгани, давлат дастурлари қай даражада амалга оширилаётгани аниқланади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, бугунги ўрганишлар ижобий тенденсияни кўрсатади. Яъни, депутатлар фақат қонун қабул қилиш билан чекланиб қолмай, унинг амалдаги натижасини ҳам назорат қилмоқда.

Бироқ бу жараённинг самарадорлиги кўп жиҳатдан кейинги амалий қадамларга боғлиқ. Яъни, аниқланган муаммолар қай даражада тез ва сифатли ҳал этилади — ана шу асосий мезон бўлиб қолмоқда.

Юқоридаги таҳлиллар шуни кўрсатадики, жойлардаги муаммолар кўп жиҳатдан ўхшаш ва тизимли характерга эга. Таълим, тиббиёт ва инфратузилма соҳаларидаги камчиликлар деярли барча ҳудудларда учрамоқда.

Шу билан бирга, уларни ҳал этиш учун имкониятлар ҳам мавжуд. “Ташаббусли бюджет”, депутатларга ажратилаётган маблағлар, маҳаллий бюджетлар — буларнинг барчаси тўғри бошқарилса, сезиларли натижа бериши шубҳасиз.

Бугунги жараёнлар шуни кўрсатмоқда: парламент фаолияти жойларга яқинлашмоқда. Энди эса асосий вазифа бу яқинликни амалий натижалар билан мустаҳкамлашдир.

Ё.МАРҚАEВ.