Музейшунос: Самарқандга музей-қўриқхона керакми? Агар керак бўлса ҳукумат қарори ижросини таъминлаш зарур
“Айни пайтда Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондидаги мавжуд 235 минг экспонатдан бор-йўғи 7 мингтаси вилоятдаги мавжуд 11 та музейда намойиш қилинаяпти. Қолган 228 минг ашё фондларда қолмоқда...
Самарқанд шаҳар Садриддин Айний кўчаси 6-уйда жойлашган Ашратхона меъморий ёдгорлиги айни пайтда қўриқланмайди ҳамда музейлаштирилмаган. Ушбу обидага ҳам сайёҳлар келади ва катта қизиқиш билдиради. Бироқ сайёҳлар учун бирорта хизмат йўлга қўйилмаган. Баъзи узуқ-юлуқ маълумотларни ҳисобга олмаганда ёдгорлик ҳақида тайёрланган экскурсия матни ҳам мавжуд эмас”.
Музейшунос Маҳмудхон ЮНУСОВ қуйидаги мақоласида юқоридаги мисоллар ҳамда яна бир қатор ҳолатларга тўхталаркан, соҳадаги камчиликларни санаш билан бир қаторда уларни келтириб чиқарган омиллар ва ечим ҳақда ўз мулоҳазаларини билдиради.
Музей-қўриқхоналар маълум ҳудуддаги музейлар базасида ташкил этилиб, мамлакат ёки минтақанинг тарихий-маданий ва табиий меросини сақлаб қолиш учун муҳим бўлган меъморий, тарихий ва табиий ёдгорликларни ўз ичига олган очиқ осмон остидаги музейнинг бир тури ҳисобланади. Ушбу ёдгорликларни ҳимоя қилиш учун давлат бундай музейларга қўшимча равишда қўриқхона ҳуқуқий мақомини беради.
Музей-қўриқхоналар ҳудудларни, ансамблларни, мажмуаларни ҳамда тарих, маданият ва табиатнинг алоҳида ёдгорликларини музейлаштириш асосида ташкил этилади. Қўриқхона мақоми унга киритилган ҳудудларни ва объектларни сақлаш ва улардан фойдаланишнинг махсус усулларини ўз ичига олади.
Музей-қўриқхоналар тарихий-бадиий, тарихий-меъморий, тарихий-археологик, тарихий-маданий, ҳарбий-тарихий, адабий-мемориал, илмий-техник, ишлаб чиқариш йўналишларида ташкил этилади. Ўзбекистонда биринчи музей-қўриқхоналар XX асрнинг 80 йилларида ташкил этилган. Булар Самарқанд, Бухоро ва Ичан қалъа (Хива) музей қўриқхоналаридир.
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 майдаги “Сармишсой”, “Шаҳрисабз”, “Термиз” ва “Қўқон” давлат музей-қўриқхоналари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қароридан сўнг республикамиздаги музей-қўриқхоналар сони еттитага етди. Албатта, бу маданий мерос обидаларини сақлаш йўналишида муҳим қадам ҳисобланади.
Музей-қўриқхоналар ҳақиқатдан ҳам маданий мерос обидаларини “қўриқлаяптими”?
Ушбу саволга Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси мисолида жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси Ўзбекистон ҳукуматининг 1982 йил 26 майдаги 397-сонли қарори билан ташкил этилган. Унинг таркибига Самарқанд вилояти ҳудудидаги барча меъморий ёдгорликлар ва тарихий ҳудудлар киритилди. Умумий муҳофаза этиладиган ҳудудлар 798 гектарни ташкил этиб, шундан Афросиёб шаҳарчаси 218 гектар, ўрта аср Самарқанд шаҳри (эски шаҳар) 320 гектар ва “Янги шаҳар” 260 гектарни ташкил этган. Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси ташкил этилганидан бир йил ўтиб, яъни 1983 йилда 1642 та моддий маданият ёдгорликлари давлат муҳофазасига олинган. Музей-қўриқхона ходимлари томонидан мазкур ёдгорликларни илмий-тадқиқ этиш билан бирга уларни сақловчилари билан шартномалар тузилган. Ёдгорликларнинг паспортлари шакллантирилган.
Бироқ вақт ўтиши билан музей-қўриқхона таркибидаги маданий мерос обидалари унинг таркибидан чиқарилиб, турли ташкилотлар ихтиёрига ўтказила бошланди. Самарқанд вилояти ҳокимининг 1991 йилдаги қарори билан Регистон ансамбли мустақил дерекцияга айлантирилган бўлса, 2003 йилдаги қарори билан Шоҳизинда ансамбли диний идора тасарруфига ўтказилган.
Имом Мотрудий мақбараси, Ҳазрати Довуд ғори (зиёратгоҳи) ва Чорчинор зиёратгоҳлари Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 4 ноябрдаги “2011-2012-йилларда Самарқанд вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш ва туризм хизматларининг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари манзилли Дастури” ва Самарқанд вилоят ҳокимининг 2011 йил 27 декабрдаги қарори билан Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси балансига топширилган.
2018 йилда эса давлатимиз раҳбари ва ҳукуматнинг қарорлари билан Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси тасарруфидаги Хўжа Дониёр зиёратгоҳи, Ҳазрати Хизр масжиди, Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи, Имом Мотурудий мажмуаси, Чорчинор зиёратгоҳи 2024 йил 1 январга қадар “Вақф” жамоат фондига бепул ижара асосида берилди.
Шунингдек, Президент қарори асосида 13 та маданий мерос объекти (Афросиёб қалъаси, Афросиёб музейи, Имом Мотрудий мақбараси, Бибихоним масжид мажмуаси, Сарой Мулкхоним мақбараси, кириш дарвоза ва мадраса қолдиқлари, Руҳобод мажмуаси (мақбара, мадраса, масжид ва минора), Ўсматбой мадрасаси (аслида Ўсматлик Дўстматбой мадрасаси бўлиши керак), Оқ сарой мақбараси, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Хазрати Хизр масжиди, Хўжа Дониёр мақбараси) Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси балансига олинган.
2021 йил 3 мартдан Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мерос объектлари ва ЮНЕСКОнинг умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори кучга кирди. Ушбу қарорга мувофиқ жами 29 та маданий мерос обидалари оператив бошқарув ҳуқуқи асосида Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси тасарруфига ўтказилиши белгиланди (уларнинг аксарияти айни пайтгача ҳам музей-қўриқхона тасарруфида бўлган).
Умуман, “Самарқанд” давлат музей-қўриқхонаси тасарруфидаги маданий мерос объектлари сони 30 тага етиши керак эди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 6 апрелдаги “Туризм ва спорт соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ “Маданият вазирлиги тизимидаги давлат музейлари, музей қўриқхоналар ва уй музейлари, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва “Мозийдан садо” журнали мавжуд штат бирликлари ва моддий-техника базаси билан тўлиқ ҳажмда, молиялаштириш, меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тартибини сақлаб қолган ҳолда Маданий мерос агентлигига ўтказилиши” белгиланди.
Айни пайтда “Моддий маданий мерос объектлари ва ЮНЕСКОнинг умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 119-сонли қарори ҳам кучини йўқотмаган. Бундан келиб чиқадики, маданий мерос агентлига бўйсунувчи музей-қўриқхоналар 119-сонли қарорда кўрсатилган эгалик ҳуқуқини тўлиқ сақлаб қолгани ҳолда маданий мерос агентлига бўйсунади.
Бироқ шунча вақт ўтишига қарамасдан мазкур қарор ижроси пайсалга солиб келинмоқда. Оқибатда Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси таркибида Афросиёб музейи, Бибихоним масжид мажмуаси, Сарой Мулкхоним мақбараси кириш дарвоза ва мадраса қолдиқлари, Амир Темур мақбара мажмуаси, Улуғбек расадхонаси Нодир Девонбеги мажмуаси сингари 13 та маданий мерос объекти сақланмоқда. Қолган 17 та объект маданий мерос обидаларини сақлаш фаолияти билан шуғулланмайдиган турли тузилмалар ва идоралар таркибида қолмоқда.
Айни пайтда Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг Самарқанд вилоят бошқармаси ва музей-қўриқхона битта вазифасини бажарувчи иккита ташкилотдек тасаввур уйғотади. Бироқ агентлик ҳудудий бошқармаси маданий мерос объектларини сақлаш ва реставрация қилиш ишларини мувофиқлаштириб боради. Музей-қўриқхона эса обидаларни илмий тадқиқ қилиш, музейлаштириш, туристик нуқтаи назардан маркетинг тадқиқотларини олиб бориш ва ниҳоят ўзининг асосий функцияси қўриқлашни амалга оширади. Обидаларни сақлашнинг асосий шартларидан бири уларни илмий тадқиқ этиш эканлигини ҳам ёддан чиқармаслик керак.
Биргина мисол, Самарқанд шаҳар Садриддин Айний кўчаси 6-уйда жойлашган Ашратхона меъморий ёдгорлиги айни пайтда қўриқланмайди ҳамда музейлаштирилмаган. Ушбу обидага ҳам сайёҳлар келади ва катта қизиқиш билдиради. Бироқ сайёҳлар учун бирорта хизмат йўлга қўйилмаган. Баъзи узуқ-юлуқ маълумотларни ҳисобга олмаганда ёдгорлик ҳақида тайёрланган экскурсия матни ҳам мавжуд эмас. Айни пайтда ҳукуматимиз янги туристик йўналишлар хусусида бош қотириб турганда, Ашратхонадай машҳур обидалар музейлаштирилмасдан турса ажабланарли.
Айни пайтда Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси фондидаги мавжуд 235 минг экспонатдан бор-йўғи 7 мингтаси вилоятдаги мавжуд 11 та музейда намойиш қилинаяпти. Қолган 228 минг ашё фондларда қолмоқда.
Энди ҳақли савол туғилади – Самарқандга музей-қўриқхона керакми? Агар керак бўлса, “Моддий маданий мерос объектлари ва ЮНЕСКОнинг умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг 119-сонли қарори ижроси қачон таъминланади?
Маҳмудхон ЮНУСОВ,
Музейшунос.