Наботот оламининг зукко билимдони

Биология фанлари доктори, профессор Назир Амирхонов ана шундай бағрикенг ва меҳрибон устоз, камтарин олим, бутун вужуди билан илмга ошно бўлган, ундан барака топиб, ўз умрини ибратга айлантирган замондошларимиздан бири эди.

Н.Амирхонов Хўжанд вилоятида таваллуд топса-да болалик йиллари асосан Жомбой туманида кечди. Домланинг илм-фан чўққиларини забт этишга бўлган қизиқишини отаси Амирхон бобо ҳамиша қўллаб-қувватларди. Чунки у киши туман халқ таълими бўлими бошлиғи лавозимида ишлар, туман ва вилоятимиз ёшларини билимли қилиб тарбиялашда жонбозлик кўрсатган таълим фидойиларидан бири эди.

Ҳайвонот ва наботот оламининг туганмас сир-асрорига, табиатдаги биохилма-хиллик қонуниятларига астойдил қизиққани боис Назир Амирхонов 1950 йили Самарқанд давлат университетининг биология факультетига ўқишга киради. Бу ерда профессорлар Қ.Зокиров, Е.Проскоряков, Ж.Саидов, С.Абаеваларнинг маърузаларини тинглар экан, ўсимликлар дунёсини мукаммал ўрганишга интилар ва тўгарак ҳамда конференцияларда ўз маърузалари билан фаол қатнашишга ҳаракат қиларди. 1955 йилда ўқишни муваффақиятли тамомлагач, кафедрада ассистент бўлиб ишга қолдирилади ва қирқ бир йил давомида жонажон университетида ёш авлодга сабоқ беради.

Бўлғуси олимнинг ботаника соҳасидаги тадқиқотлари асосан Зарафшон водийсида тарқалган ўсимликларнинг хилма-хиллиги, турлари, улардан халқ хўжалигида самарали фойдаланиш муаммоларига қаратилган эди. У 1962 йилда кўп йиллик самарали изланишларининг маҳсули бўлган “Қатрон кочи биологияси ва уни Самарқанд вилоятида маданийлаштириш” мавзусидаги номзодлик диссертациясини Россия Фанлар академиясининг Санкт-Петербург ботаника институтида муваффақиятли ҳимоя қилди. Шундан кейин унинг илмий ва педагогик фаолияти юқори баҳоланиб, 1963 йилда ботаника кафедраси катта ўқитувчиси, сўнг кафедра доценти этиб тайинланди.

Н.Амирхонов қатронлар туркумига кирувчи ўсимлик турларининг биоэкологик хусусиятларини тадқиқ этишни давом эттириб, уларнинг келиб чиқиш ҳудудларига боради, биологияси, ўсиши ва ривожланишининг қонуниятларини ўрганади. Унинг дунё бўйича тарқалган 33 турининг уруғларини тўплаб, қатронлар коллекциясини тузади. Уларни Самарқанд вилоятининг адир, тоғ олди шароитларида ўстириб, энг муҳимларидан чорва моллари учун кўп йиллик тўйимли ем-хашак йиғиш, улардан витаминга бой силос, сенаж тайёрлашни ишлаб чиқди ва ўтлоқзорлар барпо этиш йўлларини аниқлаб берди.

Олим узоқ йиллар изланиши натижасида жуда ишончли ва ватанимизни чорвачилигини ривожлантириш учун фойдали маълумотлар тўплади ва уларни жамлаб, 1974 йилда “Ўзбекистонда қатронлар (Crambe (Tourn) L.) туркумининг систематикаси, биологияси, интродукцияси, кимёвий таркиби ва интродукцияси масалалари” мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди ва биология фанлари доктори илмий даражасини олди. Илм-фан тараққиётига қўшган муносиб ҳиссаси учун унга 1978 йилда профессор илмий унвони берилди.

Н.Амирхоновнинг хизматлари шуниси билан аҳамиятлики, унинг томонидан олиб борилган тадқиқотларнинг натижалари туфайли чорвачилик, хусусан, қоракўлчиликни ривожлантириш учун озуқа бирлиги юқори бўлган ноанъанавий ўсимликлардан ташқари соясевар каррак (Cousinia umbrosa Bunge.), кўп йиллик арпа (Hordeum bulbosium L.) ва жавдар (Sekale L.), топинамбур (Helianthus tuberosus L.)нинг янги турлари интродукцияси ўрганилиб, иқлимлаштирилди.

Гап шундаки, Самарқанд вилоятининг чўл ва ярим чўл ҳудудларида ўсадиган эфемер ва эфемероидларга мансуб ўсимликлар ёз ойлари тезда қуриб-қовжираб қолади. Фақат айрим чала бута ва буталар, баъзи бир дағал хашакли ўсимликлар сақланиб қолиб, улар чорва молларининг оқсил, углевод ва витаминларга бой тўйимли озуқага бўлган талабини қондира олмайди. Домла Нуробод туманининг “Жом” давлат хўжалиги ҳамда Булунғур туманининг “Ғўбдин”, Қўшработ ва Ургут туманларининг адир минтақаларида мезоксерофитлар гуруҳига мансуб Grambe, Cousinia, Hordeum, Sorghum, Helianthus, Physalis, Poterium туркумларига кирувчи қатрон, каррак, арпа ва жавдарлардан ёзда ва кузда ўсувчи пичанзор ва ўтлоқзорлар барпо этиш муаммосини ҳал қилган эди.

Профессор Н.Амирхонов Москва, Санкт-Петербург, Олма-Ота, Тошкент, Душанбе, Бишкек, Ашхобод, Баку Тбилиси, Киев, Минск ва бошқа давлат университетларининг ихтисослашган кенгашларида ҳимоя қилинадиган диссертацияларга расмий оппонент сифатида таклиф этилар, МДҲга аъзо мамлакатлар олимлари билан яқин илмий алоқада эди. Домла шунингдек, юздан ортиқ халқаро анжуманларда иштирок этиб, маърузалар қиларди. Кенг аҳамиятга молик илмий ишларининг тан олиниши сифатида 1996 йилда унинг Нью-Йорк Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига сайланганлигини таъкидлаш мумкин.

Домла умр бўйи муттасил илм излади, билганларини шогирдларига ўргатди. Унинг икки юздан ортиқ илмий, илмий-оммабоп мақолалари, 6 та монографияси, ўқув-қўлланма ва рисолалари чоп этилган. Н.Амирхонов раҳбарлигида 6 та номзодлик иши ёқланган.

Домла илм-фан соҳасида қанчалик фидойи бўлсалар, оила бошлиғи сифатида ҳам беназир эдилар. Турмуш ўртоғи – биология фанлари номзоди, доцент Толиба Амирхонова билан уч фарзандни тарбиялаб, улғайтирди. Устоз ёш авлодга чуқур билим бериш, уларни ватанпарварлик ва миллий истиқлол ғояси руҳида тарбиялаш ишига салмоқли ҳисса қўшди. Шу билан бирга, олижаноб инсоний фазилатлар соҳиби, хайрли юмушларнинг ташаббускори сифатида ўзининг савобли ишлари билан эл-юрт ҳурматига ҳам сазовор бўлди, кўплаб медаллар ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.

Ажойиб мураббий, жонкуяр ўқитувчи, фидойи ва камтарин инсон Назир Амирхонов бугун ҳаёт бўлганида 90 ёшни қаршилаган бўлар эди. Устознинг маънавий мулки бой, бир неча авлодларга етгулик эди. Ўзининг кўп йиллик самарали меҳнати, жамият ҳаётидаги фаол иштироки билан бошқаларга ўрнак ва намуна бўлган шундай оловқалб инсоннинг бугун орамизда йўқлигини эслаганда киши қалби ўртанади.

Кўнгилга таскин берадигани шуки, домла тарбиялаган кўплаб шогирдлар, Н.Амирхоновнинг издошлари унинг ёрқин хотирасини доимо қалбда сақлаб, Ўзбекистонимиз фанини ривожлантириш йўлида устозлари бошлаб берган эзгу ишларни шараф билан давом эттирмоқдалар.

Худоёр Келдиёров,

Бўстон  Исломов,

Зебо Умурзоқова.