Нафосатнинг қудрати, Самарқанд садоси - дунём менинг!
Хабар қилганимиздек, Пушкин номидаги вилоят ахборот- кутубхона марказида «Китобхонлик ҳафталиги» доирасида вилоятимизнинг таниқли журналистлари Амирилла Аҳмедовнинг «Самарқанд садоси», Гулруҳ Мўминованинг «Нафосатнинг қудрати», Жамшид Носировнинг «Дунёйим менинг», «Туғён» китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Биз тақдимотдан сўнг китоб муаллифларидан асарлари ҳақида фикрларини сўрадик.
- 1981 йилда Самарқанд телерадиокомпаниясига ишга кирганман, - дейди Амрилло Аҳмедов. - Орадан қирқ йил ўтди. 12 йил раҳбарлик қилганман. Фаолиятим давомида кўрган-билганларимни ёздим. Бу бадий асар эмас, тарихий асар. Радиони эслайдиган бўлсак, ўша даврда ишлаган хамкасблар билади қийинчилигини. Радио, телевидениенинг техник жараёни, ленталарни улаб ишлардик. «Жаҳон» номли радиоканал очгандик. Радио, телевидение тарихи жамланган рисолалар йўқ эди. Мен бу бўшлиқни тўлдирмоқчи бўлиб, Самарқанд телевидениеси ва радиоси тарихини ёздим. Тележурналистикага қадам қўяётган ёш журналистлар учун бу дастурий қўлланма бўла олади.
- Китобга меҳр оилада шаклланади, - дейди Гулруҳ Мўминова. - Болалигимдан китобга меҳр қўйганман. Журналистика касби туфайли одамлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қиламиз, ишлаймиз. Мақола чиққандан сўнг бир кишидан фикр эшитиш мақола ёзиш жараёнидаги қийинчиликларни йўққа чиқариб ташлайди. Китоб чиқариш мен учун катта воқеа бўлган. Чунки китобни муқаддас деб билганман. Ўша муқаддас нарсага мен ҳам ҳисса қўшишимни тасаввур ҳам қила олмаганман.
- Каттақўрғон шаҳри адабий муҳити Қўқон шаҳрига тенглаштирилади, - дейди шоир Жамшид Носиров. - Ижодий ишларимни дафтарга ёзиб борардим худди Ўткир Ҳошимовнинг «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» асаридек. «Туғён» асарим йиллик фаолиятимни маҳсули, десам адашмайман. Уни ўқиган китобхон ўзига керакли хулосаларни чиқаради, деб ўйлайман.
Муниса Шамсиева.