Нарпайда акциз маркасиз тамаки маҳсулотларининг савдоси фош этилди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Нарпай тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида туман ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди.

Унда фуқаро М.Н. Алишер Навоий номли маҳалла ҳудудидаги савдо дўконида сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 51 турдаги умумий баҳоси 41,3 млн сўмлик 916 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини сотувга қўйганлиги аниқланган ва ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Бундан ташқари, Департаментнинг туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Н.Э.” хусусий корхонаси раҳбари Э.Т. “Мирбозор бозори”даги савдо дўконида келиб чиқиши ва сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 29 турдаги умумий баҳоси 60 миллион сўмлик 3147 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотларини сотувга қўйганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.