Навоийшуносликнинг янги ютуғи: Мутафаккирга бағишланган китоб озарбайжон тилида чоп этилди
Илмни игна билан қудуқ қазишга менгзайдилар. Бу бежиз эмас. Айниқса, бу талқинни адабиёт илмига нисбатан қўллаш илмнинг залворли юкини яна бир карра эслатиб туради.
Чунки мумтоз асарлар тадқиқотчиси икки босқич орасида тобланади, илмда ўз йўлини топади. Уларнинг биринчисида илм йўлига кирган толиб мумтоз асарлар сир-асрорини эгаллайди, иккинчисида ўзи эгаллаган билимларни ёшларга ўргатади, уларга таҳлилга тортилган асар мазмун-моҳиятини тўғри тушунтириб, илм сари йўналтиради.
Бошқача айтганда, ҳақиқий илм йўлини тутган олимни ўтмиш ва келажакни боғлаб турувчи кўприкка қиёслаш мумкин. Чунки ёш авлод ўтмишга устозлар назари билан боқади, унинг ўгитлари асосида мушоҳада қилади, тафаккурини кенгайтиради. Замонамиз навоийшунослик илмида таниқли олим, филология фанлари доктори, профессор, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Шуҳрат Сирожиддиновнинг ўзига хос ўрни бор.
Ўзбек адабиётшунослигининг долзарб муаммоларига бағишланган 300 дан ортиқ илмий ва ўқув-услубий ишлари эълон қилинган, жумладан, 15 та дарслик ва ўқув қўлланма, 13 та монография, 230 та илмий ва илмий-оммабоп мақолалар муаллифи бўлган Ш.Сирожиддиновга Самарқанд шаҳрида ўтказилган МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг ялпи мажлисида Чингиз Айтматов номидаги мукофот топширилган эди. Бу мукофот муаллифнинг туркий халқлар адабиёти ва алоқалари ривожига қўшган ҳиссаси эътирофидир.
Олим умри давомида ўзбек ва туркий халқлар мумтоз адабиёти, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини янгича ўрганиш бўйича тадқиқотлар олиб бормоқда. Унинг бир неча тилда яратган асарлари «Алишер Навоий ақидалари», «Алишер Навоий. Манбаларнинг қиёсий-типологик текстологик таҳлили», «Навоий навосидан баҳра олиб», «Навобахш байтлар жозибаси», талабалар учун мўлжалланган «Навоийшунослик» дарслиги, «Амир Алишер», «Илм ва таҳайюл сарҳадлари», «Навоий замондошлари эътирофида» кабилардир. Бундан ташқари, матншуносликка оид «Матншунослик сабоқлари», «Ўзбек матншунослиги қирралари», шу билан бирга, «Ҳижрий ва милодий йилларни ўзаро табдил қилиш усуллари», «Ислом фалсафасига кириш: Калом илми», «Ўзбек мумтоз адабиётининг фалсафий сарчашмалари», «Религии мира», «Сўфи Оллоёр илоҳиёти», «Шеъриятда инсон руҳий камолоти талқини», «Ўрта осиёлик алломаларнинг фалсафий қарашлари» каби бир қатор асарлари навоийшунослигимиз ютуғи сифатида баҳоланди.
Бугунги кунда Шуҳрат Сирожиддинов дунёнинг ўнлаб мамлакатлари Фанлар академиялари ва илмий кенгашлари аъзоси, Ўзбекистон Республикаси атамашунослик комиссияси раиси ўринбосари сифатида фаолият олиб бормоқда.
Шуҳрат Сирожиддиновнинг 2023 йилда Тошкентда «Адабиёт” нашриётида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида чоп этилган «Амир Алишер. Ҳаёти ва фаолияти” китоби Навоий ижодини ўрганиш борасидаги ишларни яна бир поғона юқорига кўтарди, дейиш мумкин. Яқинда Боку шаҳридаги Озарбайжон Миллий илмлар академиясида ушбу китобнинг озарбайжонча таржимаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Алишер Навоий ҳаёти билан боғлиқ янги маълумотларга бой бу асар ўзбек мумтоз адабиёти тарихи бўйича олиб бориладиган илмий тадқиқотларга ишончли манба, таълим тизимининг турли поғоналарида адабиётимиз тарихига оид дарслик ва қўлланмалар яратишда муҳим қўлланма бўлишига шубҳа йўқ.
Эркин МУСУРМОНОВ,
филология фанлари доктори, профессор,
Толиб ЖЎРАЕВ,
филология фанлари номзоди, доцент.