Неъматнинг қадри йўқолганда билинади

Яқинда бир танишим Туркияда бўлиб қайтди. У ер Сурияга яқин бўлгани боис одамлар тинчликнинг қадри қанчалик қадрли эканини тўла ҳис қиларкан. Чунки урушлар туфайли инсонлар ўртасида меҳр-оқибат, одамгарчилик унутилган, хайрли ишлар, улуғ мақсадлар йўқ. Одамлар ҳаётидан ҳузур-ҳаловат, турмушидан ором-фароғат кўтарилган.

Шукур, юртимиз тинч, ҳар бир маҳалла-кўй, манзилда осойишталик ҳукмрон. Тинчликнинг қандай улуғ неъмат эканини тасаввур қилиш учун ҳар куни хотиржамлик билан иш ва бошқа юмушларга бориб келаётганимиз, фарзандларимизнинг хеч қандай хавф-хатарсиз ўқиш ва боғчага қатнаётганини мисол келтириш кифоя.

Неъматнинг қадри йўқолганда билинади, дейишади. Ҳозирги кунда дунёга боқсак, у ерда уруш-бу ерда тўполон, тошқин оқибатида қанча-қанча шаҳарлар харобага айланаётганининг гувоҳи бўламиз. Айрим жойларда кунига бўлмаса, ҳафтасига қўпорувчилик ҳаракатлари содир бўлиб турибди.

Нотинч ўлкаларда тараққиёт ҳам, иқтисодий ўсиш ҳам бўлмайди. Беқарор юртдан файзу барака кўтарилади.

Шуларни танамизда ҳис этайлик. Асло уруш, низо бўлмасин! Зеро, юрт нотинч бўлса тўй-томоша, хурсандчилик, ўйин-кулги татимайди.

Турғунбой Ҳасанов,
меҳнат фахрийси.