Неварам ўйинчоқдан куйиб қолди

Лекин улар расталардан олиб ташланмаяпти

Яқинда Самарқанд шаҳридаги машҳур болалар дўконидан неварамга ўйинчоқ олиб бердим. Ўйинчоқ муқовасида «3+» ёзуви бўлгани учун уни ҳеч иккиланмай 5 ёшли неварамга бердик. Ўйинчоқ эгилувчан, букилувчан, турли шаклга кирадиган бир массадан иборат бўлгани учун у билан бемалол қўлида ўйнаб юрди. Аммо орадан бир неча соат ўтгач, ўйинчоқ тешилиб қолди ва унинг ичидаги суюқлик боланинг қўлига тегди. Барча муаммоларимиз ана шундан сўнг бошланди. Боланинг қўллари куйиб, териси арчила бошлади. То шифокорга олиб боргунимизга қадар ҳам бир нечта бармоғидаги жароҳат чуқурлаша бошлади.

Таҳлиллар топширдик, шифокор кўригидан ўтдик. Бир нечта текширувдан кейин мутахассислар боланинг қўллари «кимёвий куйиш» олганини тасдиқлашди. Бир неча кун давомида даволадик. Дилбандимизнинг нозик бармоқчалари териси яхшилана бораётганини кўрганимиздан сўнггина хотиржам бўлдик.

Хавотирларимиз бироз босилгач, ўйинчоқни олган дўкон билан боғланиш ҳақида ўйладим. Ахир бундай ўйинчоқлар сони кўп, бошқа болалар ҳам бундан жароҳат олиб, биз каби қийналишлари мумкин-ку, деган хавотирда дўкон эгаларини огоҳлантирмоқчи бўлдим. Телефон рақамларини топиб, менежер билан боғландим. Ўйинчоқлар хавфсиз эмаслигини айтиб, хавотиримни билдирдим. Нариги томондан: «Қўшимча текширув ўтказамиз», дейишди.

Лекин кейинги гал дўконга борсам, шу ўйинчоқлар расталарда қатор бўлиб турибди. Яна менежер билан боғланиб, юқоридаги фикрларимни билдирдим. У бўлса: «Опа, харажатларингизни тўлаб берамиз, безовта бўлманг. Қолаверса, қўшимча текширувлар ўтказдик, ўйинчоқ зарарсиз экан», деган жавобни берди.

– Неварамизни тузатиб олдик, харажатларимизни тўлаб беришингизга эҳтиёжимиз йўқ, – дедим. – Бошқа болалар зарарланишини истамайман, холос. Бу ўйинчоқларни сотувдан чиқариб ташланг, илтимос.
Менежер билан суҳбатимиз шу тариқа якунланди. Аммо ўйинчоқлар расталарда сотилмоқда. Мен эса бошқа болалардан хавотирдаман.
Тўғриси, уларга фикрларимни уқтиролмадим. Ваҳоланки, неварамнинг бирор буюмга аллергияси йўқ, буни лаборатория таҳлиллари ҳам тасдиқлаб берди. Қолаверса, текширув натижалари ҳам «кимёвий куйиш» деган ташхисни тасдиқлаб берди. Қизиқ, бу масалага жавобгар ташкилот бормикан? Тадбиркорлар бу ҳақда огоҳлантирилгандан сўнг ҳам бу каби ўйинчоқларни сотиши қанчалик виждонсизлик?
Интернет тармоғини кузатсам, бундай ўйинчоқлардан зарар кўрганлар фақат биз эмас эканмиз. Аввал ҳам шу каби ҳодисалар рўй берган экан. Лекин нега ўшандан кейин ҳам бу ўйинчоқларнинг мамлакатимизга кириб келиши олди олинмаяпти, ахир?! Бунга ким жавоб беради?

Дилором МАМАТҚУЛОВА,
Самарқанд шаҳри.

P/S.Таҳририятда қизалоқнинг "кимёвий куйиш" олганлигини тасдиқлайдиган лаборатория таҳлиллари ҳамда мазкур маҳсулот қайси дўкондан харид қилингани бўйича маълумотлар мавжуд.