“New tech Samarkand” тўрт ойда 54 минг тонна асфальт ишлаб чиқарди
Бугунги карантин шароитида иқтисодиётда барқарорликни таъминлаш муҳим саналади. Бу борада йирик солиқ тўловчи тадбиркорлик субъектлари муҳим роль ўйнамоқда. Ушбу хўжалик юритувчи субъектлар карантин шароитида санитария ва гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда фаолиятини давом эттирмоқда.
Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманидаги “New tech Samarkand” масъулияти чекланган жамияти ҳам карантин даврида фаолиятини тўхтатгани йўқ. Корхона солиқларни ўз вақтида тўлаб, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
– Корхонамизга 2010 йилда асос солинган, – дейди “New tech Samarkand” масъулияти чекланган жамияти директори Беҳруз Салоҳиддинов. – Асосий фаолиятимиз автомобиль йўлларини қуриш, капитал ва жорий таъмирлаш, реконструкция қилиш ҳамда асфальт ишлаб чиқаришдан иборат. Жорий йилнинг ўтган даврида 54 минг тонна асфальт ишлаб чиқардик. Умуман, йил давомида 600 минг тонна асфальт ишлаб чиқаришни режалаштирганмиз. 2020 йилнинг биринчи чорагида 3 миллиард 427 миллион 200 минг сўм миқдоридаги солиқларни тўладик. Карантин даврида давлатимиз тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватламоқда. Жумладан, тақдим этилаётган солиқ имтиёзлари фаолиятимизни барқарор давом эттириш имконини беради. Бугунги кунда корхонамизда 261 киши меҳнат қилмоқда. Ишчи-ходимларнинг саломатлигини асрашга алоҳида эътибор қаратганмиз. Жумладан, ишчиларнинг ҳарорати мунтазам ўлчанмоқда, улар зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминланган. Ҳозирги мураккаб даврда ишлаб чиқаришни тўхтатмасдан мамлакатимиз иқтисодиётига ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан хурсандмиз.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.