Самарқанддаги Мирзо Улуғбек кўчаси таъмирланяпти
Айни кунларда Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек кўчасининг Кўксарой майдони ва Беруний кўчасигача бўлган қисмини таъмирлаш ва асфальт қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
3,3 километрни ташкил этадиган ушбу объект Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрдаги “2024-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Республика бюджети маблағлари ҳисобидан бажарилмоқда.
- Объектнинг умумий қиймати 23 миллиард 103,8 миллион сўмни ташкил этади, - дейди "Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати" давлат муассасаси директори ўринбосари Акбар Мирзаев. - Ушбу йўлга асфальт ётқизиш ишлари “Самарқанд минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” давлат муассасаси буюртмаси асосида “Паст Дарғом туман йўллардан фойдаланиш” давлат муассасаси томонидан олиб борилмоқда. Объектни таъмирлаш ишларига 30 дан ортиқ ишчи ҳодим, 29 та техника жалб қилинган.