Ниқоб 100 фоиз ҳимояламаса ҳам, нега уни тақиш шарт?

- Баъзи давлатлар кўчада ниқоб тақишни олиб ташладилар. Ниқоблар инфекция юқишидан 100 фоиз ҳимоялай олмаслигини барчамиз биламиз. Нима учун бизда ниқоб тақиш шарт?

Ушбу саволга АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова жавоб берди.

- Ҳа, ниқоблар инфекция юқишидан 100 фоиз ҳимоялай олмайди.

Бироқ коронавирус инфекцияси ташувчиси ниқобдан фойдаланганида, унинг вирусни бошқа одамга юқтириш эҳтимоли бир неча мартага камаяди.

Шунинг учун ниқоблар мабодо сиз симптомсиз, коронавирус инфекциясининг ташувчиси бўлсангиз ҳамда ўзингиз бундан бехабар бўлсангиз, вирусни бошқаларга юқтириш эҳтимолини кескин камайтириш учун керак.

Аввало, таъкидлаш лозимки, баъзи давлатларда ниқоб тақиш бутунлай бекор қилингани йўқ.

Транспортда, бозорлар, дўконлар ва бошқа аҳоли тўпланадиган жойларда ниқоб тақиш талаби сақланиб қолган, фақатгина кўчада юрганда ижтимоий масофа сақлаган ҳолда ниқобсиз юриш тавсия этилган.

Ҳар бир давлат касаллик профилактикасига қаратилган ўзининг тартибини белгилайди ва амалга оширади. Бизда эпидемиологик вазият барқарорлашмагунча ниқоб тақиш шарт".